English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беҳбудий уйи: уйғониш бошланган остона
15:34 / 2026-01-22

Самарқанд шаҳрига қилган сафарим давомида муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш баробарида, шаҳар марказида жойлашган жадидчилик асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй музейига ҳам йўл олдим. Бу зиёрат мен учун оддий музей томошаси бўлмади. У миллат тақдири, жадид боболаримиз кечган машаққатли йўл, ўзбек журналистикасининг илк қадамлари билан юзма-юз келиш эди.

Бу уйга кирган одам ўтмишни фақат кўз билан эмас, қалб билан ҳис қилади. Беҳбудий уй музейи жадид бобомиз ҳақида кўплаб китоблару мақолаларда очиқ айтилмаган, аммо жадидшунос олимлар томонидан илмий жиҳатдан тасдиқланган ҳақиқатларни равшан намоён этади. Бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир ҳужжат — бир инсон тақдири орқали бутун бир миллат уйғонишининг оғриқли, бироқ шарафли тарихини сўзлаб туради.

Беҳбудий мероси — ўтмишда қолиб кетган хотира эмас. У бугун ҳам миллий журналистикамиз, маърифатпарвар тафаккуримиз ва озод фикримизда яшаб келаётган тирик руҳдир. Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 27 декабрь куни қабул қилинган “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳам ана шу ҳақиқатнинг давлат даражасида эътироф этилган ифодасидир. 2025 йил давомида бу сана бутун мамлакат бўйлаб кенг нишонланди ва бу улуғ зот хотирасига эҳтиром келгуси йилларда ҳам давом этишига умид уйғотди.

Афсуски, бу улуғ инсоннинг ҳаёти фожиали якун топди. 1919 йилда у Туркистон жадидлари номидан Парижда ўтиши режалаштирилган халқаро конференцияга делегат сифатида йўл олган пайтида Қарши шаҳрида ҳибсга олинди. Ҳеч қандай суд ва айбловсиз 1919 йил 25 март куни Қарши яқинида шафқатсизларча қатл этилди. Бу мудҳиш хабар Самарқандга фақат бир йил ўтгач, етиб келди.

Қотилликни яшириш мақсадида 1926 йилда Қарши шаҳрига Беҳбудий номи берилиб, 1930 йилгача у Беҳбудий шаҳри деб юритилди. Аммо қатағон йиллари бошлангач, унинг номи яна ўчирилди. Ҳатто қатлидан 16 йил ўтгач, собиқ совет суди томонидан Беҳбудийга нисбатан “жасадий суд иши” очилиб, унинг барча мол-мулки мусодара қилинди, асарларининг катта қисми йўқ қилинди.

2021 йил 18 октябрь куни Президент ташаббуси билан Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий уй музейи қайта тикланди. Музей директори, жадидшунос олим Гулмамат Аҳмедовнинг таъкидлашича, бу ерда Беҳбудийга оид 200 дан ортиқ ноёб ҳужжат ва экспонатлар сақланмоқда. Жумладан, япон жадидшуноси Шимото Шизу томонидан тузилган, “Ойна” журнали 68 сони мундарижасини қамраб олган китоб ҳам музей хазинасидан ўрин олган.

Бу уй музейидан чиқар эканман, яна бир бор ишонч ҳосил қилдим: Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мағрур руҳи, у асос солган миллий журналистика ва драматургия анъаналари халқ хотирасида абадий яшайди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири