Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 27 декабрдаги қарорига кўра, бу йил юртимизда миллий озодлик ҳаракатининг буюк намояндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланди. Йил давомида Тошкент, Самарқанд шаҳарлари ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларида улуғ маърифатпарвар илмий-маърифий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган анжуманлар, маданий тадбирлар уюштирилди.
Тойлоқ тумани ҳокимлиги ушбу сана муносабати билан Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган Бахшитепа маҳалласида унинг номи билан аталадиган боғ, музей ва ўқув маркази ташкил этди.
Самарқанд вилояти ва Тойлоқ тумани ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирлар ушбу мажмуа очилиши маросими билан бошланди.
[gallery-26755]
Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, тарихи Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган “Самарқанд” газетаси билан бошланадиган “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, жадидшунос олим Ҳалим Саидов, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг чевараси Шоҳруҳ Беҳбудий аллома яшаган мазкур манзилда унинг номи билан боғлиқ масканларнинг ташкил этилиши улуғ жадиднинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда келгуси авлодларга етказишга хизмат қилишини таъкидладилар.
– Бугун Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган қишлоқда унинг хотирасига бағишлаб боғ яратилгани мени шу туман фарзанди сифатида, қолаверса жадидшунос олим сифатида жуда хурсанд қилди, – деди Ҳалим Саидов. – Бу масканда, яъни боғ ҳудудида Беҳбудийнинг бюсти ўрнатилгани, кутубхона, маърифат маскани ва уй-музей ташкил этилгани ёшларимизда маърифат ва ватанпарварлик руҳини шакллантиришда муҳим тарбиявий аҳамиятга эга.
Мазкур маскан шу маҳаллада яшовчи, Беҳбудий авлодидан бўлган маърифатпарвар тадбиркор Рауфхон Ходиев ҳомийлигида бунёд этилди, Маҳмудхўжа Беҳбудий сиймосини эса нарпайлик ҳайкалтарош Умурзоқ Шарипов яратди.
Тадбиркор Рауфхон Ходиев бир неча йиллардан бери маҳалла ҳудудида жойлашган 15-мактабда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва бой ижодий меросига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиб келмоқда. Шунингдек, унинг ташаббуси билан мактабда билим ва иқтидори билан ажралиб турган 15 нафар аълочи ўқувчи учун Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилган.
Тадбирлар “Беҳбудий ҳаёт мактаби – ёшларга ибрат” мавзусидаги илмий-амалий конференция билан давом этди. Унда жадидшунос олимлар ва ёш тадқиқотчилар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, журналист ва адиб сифатидаги ижодий фаолияти, маърифатпарвар сифатида яратган янги усул мактаблари ва ёзган дарсликлари, сиёсатчи сифатида халқни миллий озодлик сари бошлаши ва бу йўлда чеккан заҳматлари ҳақида маърузалар қилдилар.
Тадбирлар доирасида Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси томонидан жорий йилда саҳналаштирилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” драмаси намойиш этилди.
– Улуғ бобомиз таваллудининг 150 йиллиги бу йил мамлакатимиз миқиёсида кенг нишонланганидан жуда хурсандмиз, – дейди Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг чевараси Шоҳруҳ Беҳбудий. – Бу тадбирларга биз – Беҳбудий авлодларининг таклиф этилиб, иззат-икром кўрсатилганидан бошимиз кўкка етди. Мен бунинг учун сулоламиз вакиллари номидан ҳурматли Президентимизга, вилоятимиз раҳбарлари ва беҳбудийшунос олимларга самимий миннатдорлигимизни билдираман. Биз маърифатпарвар бобомиз ҳаёти ва меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасидаги ишларни ўзимизда мавжуд маълумот ва тарихий ашёларни тақдим этган ҳолда бундан буён ҳам фаол қўллаб-қувватлаймиз.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари