Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди
14:47 / 2025-12-12

Юртимизда маърифатпарвар, тараққийпарвар жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади. Шу мақсадда жойларда турли тадбирлар, учрашувлар, маърифий кечалар ташкил этилмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг Тошкент вилояти кенгаши ташаббуси билан Чирчиқ шаҳридаги 7-сонли мактабда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан “Аждодлар мероси қалбимизда барҳаёт” мавзусида тадбир ташкил этилди.  

Тадбирда таъкидланганидек, жадидлик ҳаракати асосчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий кўплаб қаршиликларга қарамай, юртимизда илк замонавий мактабларни ташкил қилиш, зарур дарсликлар яратиш, нашриёт ва тeaтрлар барпо этиш ишларига бош-қош бўлди. Бу орқали халқимизнинг тафаккурини юксалтиришга интилди, ҳурриятга эришиш йўлида жонбозлик кўрсатди. 

Сўнгги йилларда жадидлик ҳаракати намояндаларининг хотирасини абадийлаштириш, ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ қилиш, илмий ва бадиий асарларини кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Беҳбудий таваллудини нишонлаш мақсадида Президентимизнинг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани мазкур йўналишдаги энг муҳим чора-тадбирлардан бири бўлди.

Тадбирда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ижодий, маънавий мероси, миллат равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.  

М.Комилова,

ЎзА