Ўтган йил давомида маърифатпарвар бобомиз, жадидчилик ҳаракатининг пешвоси Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятини ўрганиш борасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтининг илмий жамоаси ғоят самарали фаолият кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор, таниқли тарихчи олима Дилноза Жамоловага мавзу юзасидан бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

– Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида 2025 йилда Туркистон жадидчилик ҳаракати асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Аллома таваллуди юзасидан илмий-маърифий анжуманлар хорижий давлатларда ҳам бўлиб ўтди. Жадид бобомизнинг эзгу фаолиятига оид кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилди. Кенг жамоатчилик, халқимиз учун Беҳбудий фаолиятига доир асосий янгиликлар сифатида нималарни санаган бўлар эдингиз?
– Туркистонда 19-юз йиллик охирларида вужудга келган жадидчилик миллий озодлик, миллий уйғониш, миллий тараққиёт учун кураш ҳаракати эди. Жадидларнинг йўлбошчиси ва етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлиб, у бу ҳаракатни жипслаштира олди ҳамда муҳим ишларни амалга оширди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий, педагогик ва адабий фаолиятини ўрганиш 20-юз йиллик 80-йиллари охирларидаёқ бошланган бўлиб, шу йўсиндаги тадқиқотлар яқинларгача ўрганиб келинди.

Унинг сиёсий шахс сифатидаги фаолиятига баҳо берилмади ёки баҳо берилишига йўл қўйилмади. Тарих институти олимлари 2025 йил давомида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг айнан сиёсий фаолиятини тадқиқ қилиш билан шуғулландилар ва унинг миллий озодлик ҳаракатининг ғоявий раҳнамоси сифатида, кучли сиёсий билимлар эгаси бўлгани ҳақида илмий хулосаларни тақдим қилдилар. Шунингдек, мутафаккирнинг афғон тараққийпарварлари етакчиси Маҳмудбек Тарзий билан ҳамкорлиги, турк дунёсининг йирик тараққийпарварларидан Абдурашид Иброҳим, Исмоилбек Гаспарали, Мусо Бегиев, шунингдек кавказлик жадидлар билан алоқаларига оид маълумотлар аниқланди ҳамда илмий муомалага киритилди.
Бу каби тадқиқотлар республикамиз олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган беҳбудийшунос олимлар томонидан ҳам амалга оширилгани шубҳасиз.
Ўтган йили Ўзбекистон ва хорижда ўтказилган умуммиллий ҳамда эллараро йиғинлар натижасида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Туркистон жадидчилик ҳаракатида тутган ўрни, унинг илмий, адабий, маърифий фаолияти чуқур таҳлил қилинди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мутафаккирнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар тақдим қилинди, ҳикматли сўзлари бериб борилди. Бу каби тадбирлар орқали ўзбек халқига буюк жадид бобомиз таништирилди, унинг ватанпарварлиги, миллатпарварлиги, тараққиёт учун жонини тиккани уқтирилди. Хуллас, Беҳбудий шахси Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонга кириб борди, десам хато бўлмайди.
– Маълумки, Ғарбий Туркистон, яъни Марказий Осиёда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Шарқий Туркистонда Алихонтўра Соғуний Ватан озодлиги йўлида курашган. Бу икки аллома ўртасида мулоқот, боғлиқлик бўлганми?
– Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳам, Алихонтўра Соғунийнинг ҳам ғоя ва мақсадлари бир хил бўлган. Ҳар иккала мутафаккир маънавий ривожланиш, ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш, Ватанни озод ва обод кўриш истагида бўлганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий Самарқандда жадид мактабларини очишга бош-қош бўлиб, замонавий фанларни ўқитишни, кутубхоначилик, ноширчилик, театр ишларини йўлга қўйишни, бутун Туркистонни миллий озодлик ғояси остида бирлаштириб Буюк Туронни тиклашни тарғиб қилган бўлса, Алихонтўра Соғуний динни ва давлатни ислоҳ қилиш, миллий уйғонишни ёқлаб чиққан. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа жадидларнинг ислоҳотпарвар қарашларидан Алихонтўра Соғуний даврий матбуот орқали хабардор бўлиб борган бўлиши табиий. Ўз даврининг илғор кишиси сифатида ҳам у Туркистонда жадидлар чоп қилган газета ва журналларни назаридан четда қолдириши мумкин эмас эди. Аммо бугунга қадар Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Алихонтўра Соғуний шахсан учрашгани тўғрисидаги манбаларни учратмаганман.
– Миллий истиқлолчилик ҳаракати – ҳукмрон шўролар томонидан “босмачилик ҳаракати” деб номланган ҳаракатга қандай қарайсиз? Ушбу ҳаракатни қандай таърифлаган бўлар эдингиз. Уларга жадидлар қандай муносабатда бўлган?
– Миллий истиқлолчилик ҳаракати вакилларига “босмачи” деган номни ўзи босмачи ва босқинчи бўлган болшевиклар берган. Бизнинг халқимиз Россия империяси босқинидан олдин ҳам жуда кўп мустамлакачиликни бошидан ўтказган ва уларга қарши курашган. Аҳамонийларга қарши Томир Хотун ва Широқнинг жасорати, македониялик Александр, кейинроқ араб халифалиги, Чингизхон босқинига қарши миллий озодлик курашлари шулар жумласидандир.
Миллий истиқлолчилик ҳаракатининг моҳиятини бир жумла ёки бир мақола билан тушунтириш қийин. У кўплаб асарларнинг мавзуси бўлиши мумкин. Миллий озодлик, миллий истиқлол – бу ўз Ватанида эркин, хотиржам, тинч, қул бўлмай яшаш бахти бўлиб, жадид боболаримиз империя мустамлакачилигига қарши курашиш мақсадида йирик бир ҳаракатга асос солдилар, миллий истиқлолчилик курашининг ғоявий раҳнамолари бўлдилар. 1898 йилги Дукчи эшон қўзғолони, 1916 йилги бутун Туркистонда бўлиб ўтган мардикорликка қарши қўзғолонлар, 1918 йили Туркистон мухториятининг қонга ботирилиши натижасида Фарғона водийсида бошланган, кейинчалик бутун минтақани қамраб олган миллий истиқлолчилик ҳаракатининг бошида жадид боболаримиз турганлар. Жанг майдонларида босқинчиларга қарши курашаётган қўрбошиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаганлар.
– Улуғ аллома, дин ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ яна қайси жиҳатлар устида жиддий тадқиқотлар олиб борилиши керак, деб ўйлайсиз?
– Ҳозирда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сиёсий ва ташкилотчилик фаолияти бўйича тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Тез фурсатларда илмий жамоатчилигимиз ва халқимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ташаббуси билан Самарқандда ташкил қилинган Олтой жамияти ҳақида, миллий давлатчиликни тиклаш йўлида олиб борган ишлари тўғрисида янги маълумотга эга бўладилар. Аммо бир нарсани таъкидлашим керакки, буюк мутафаккир, миллат фидойиси Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти ҳалигача тўлиқ ўрганилмаган. У нафақат Жадидчилик миллий ҳаракатининг етакчиси эди, у қози, муфти ҳам эди. Миллий қўрбошилар билан доимий алоқада бўлиб турган, Туркиядаги Иттиҳоди тараққий ташкилоти билан ҳамкорлик қилган эди.
– Самимий ва қизиқарли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.