Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беҳбудий мероси ёшлар таълим-тарбиясида муҳимдир
16:34 / 2026-01-29

Куни кеча Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейда буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўғлим ўқиётган лицейдаги тадбирга таклиф этилганим мен учун оддий иштирок эмас, балки қалбимда чуқур таассурот қолдирган учрашувга айланди.

Саҳнага чиққан ўқувчиларнинг ҳар бир чиқиши, айниқса, “Беҳбудий бизга фақат тарих эмас, у қандай яшаш кераклигини ўргатган инсон” деган фикрлари алоҳида таъсир қилди. Ёшларнинг кўзларидаги ишонч, сўзларидаги қатъият ва ифтихорни кўриб, бир она сифатида беихтиёр фахр туйғусини ҳис этдим.

Ўша лаҳзаларда Беҳбудий мен учун фақат китобларда қолган тарихий шахс эмас, балки бугунги авлод онгида яшаб турган, уларни фикрлашга ва масъулият билан яшашга ундаётган маънавий қаҳрамон сифатида намоён бўлди. Унинг ғоялари орқали ёшлар ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараётганини ҳис қилиш мумкин эди.

Беҳбудий ўз даврининг етук маърифатпарвари, ёзувчи ва жамоат арбоби сифатида миллат равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган. У халқни жаҳолатдан олиб чиқишнинг энг тўғри йўли илм ва тарбия эканини чуқур англаб, бутун фаолиятини шу мақсадга бағишлади. Мактаблар очиш, дарсликлар яратиш, жамиятда фикрлаш маданиятини шакллантириш унинг ҳаёт мазмунига айланган эди.

Беҳбудий қарашларининг жамиятга таъсири, айниқса, ёш авлод тарбиясида яққол намоён бўлади. У ахлоқ, маънавият ва илмни бир-бирини тўлдирувчи қадриятлар сифатида кўрган. Шу боис унинг асарлари нафақат адабий, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, ёшларни онгли ҳаётга чорлайди.

Бугунги кунда ҳам Беҳбудий мероси таълим тизимида муҳим ўрин тутади. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Жамоатчилик билан алоқалар кафедраси мудири Шоҳрух Қосимов бу ҳақда шундай дейди:

– Беҳбудий мероси талабалар учун катта аҳамиятга эга. Унинг асарлари ёшларга фақат тарихий билим эмас, балки жамиятга дахлдорлик ва фаол фуқаролик позициясини ҳам ўргатади. Университетимизда Беҳбудийга бағишланган тадбирлар, очиқ мулоқотлар ва илмий муҳокамалар ўтказиб келинмоқда. Унинг ғояларининг замонавий таҳлил асосида ўргатилиши талабалар дунёқарашини янада кенгайтирмоқда.

Айни пайтда мактаб ва лицейларда ташкил этилаётган маънавий тадбирлар, саҳна кўринишлари ҳамда ижодий танловлар орқали Беҳбудий сиймоси ёшлар онгида яшамоқда. Бу эса унинг мероси фақат ўтмиш хотираси эмас, балки бугунги кун учун ҳам муҳим маънавий таянч эканини яққол кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, Маҳмудхўжа Беҳбудий кеча билан бугунни боғлаб турган маърифат кўпригидир. Унинг илғор ғоялари ёш авлодни билимли, мустақил фикрлайдиган ва жамият тақдирига бефарқ бўлмаган шахс этиб тарбиялашда ҳали узоқ йиллар давомида хизмат қилиши, шубҳасиз.

Нилуфар Бозорова, ЎзА