English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Беғубор болалик» шиори остида «Болалар китоб фестивали» ўтказилмоқда
11:39 / 2024-05-31

Ёш авлодни ҳар томонлама етук шахс этиб тарбиялашда мутолаани оммалаштириш, китобхонликни ривожлантириш муҳимдир. Ижтимоий, маънавий ва маърифий ислоҳотларда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусдан тўртинчи йўналиши айнан ёшлар маънавиятини юксалтириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, китоб ўқишни кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Мамлакатимизда китобхонликни оммалаштириш, «Китобсевар миллат» шиори остида мутолаа маданиятини ривожлантириш мақсадида «1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Беғубор болалик» шиори остида «Болалар китоб фестивали» китоб байрами ўтказилмоқда.  

Тошкент шаҳридаги «Dream Park» маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган китоб байрами Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, «Баркамол авлод» болалар мактаблари, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Баркамол авлод республика болалар мактаби директори Дониёр Ўролов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Зикрилла Неъмат, Дилшод Ражаб, Ориф Тўхташ болаларни миллий ва хорижий адабиётлар билан таништириш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини таъкидладилар.  

Фестиваль доирасида пойтахтимиздаги «Баркамол авлод» болалар мактабларининг шоу-дастурлари, саҳна кўринишлари, маънавий-маърифий тадбирлар, викториналар, китоб акциялари ҳамда бошқа қизиқарли танловлар бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, 25дан ортиқ нашриёт ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг сўнгги йилларда нашр қилинган китоблар савдо-ярмаркалари ташкил этилди.  

Китоб фестивалида китобсеварлар юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва улар томонидан ўқувчиларга тақдим этилаётган турли жанрдаги янги адабиётлар билан танишиш, харид қилиш билан бир қаторда акция ва танловларда иштирок этиш орқали китоблар тўпламларини ютиб олиш имконига эга бўлишяпти.  

«Беғубор болалик» фестивалида болалар адабиётларини тақдим этиш, ўқувчиларни китобга ошно қилиш мақсадида ихчам, мазмунли ва иллюстрацияли китобларни кўпроқ намойиш этишга эътибор қаратилмоқда.  

Китоблар кўргазма-ярмаркаси болажонлар, уларнинг ота-оналарига манзур бўлмоқда.  

 

Назокат Усмонова, ЎзА