Нукус шаҳридаги Республика қон қуйиш станциясида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.
Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н. Қайпбергенов бошчилигидаги вакиллар, олий ўқув юртлари, бир неча вазирлик ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармаси ходимлари ва савобли ишга ўз ҳиссасини қўшишни хоҳловчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этишди.

– Акция доирасида жами 185 нафар фуқаро иштирок этган бўлса, шундан 167 нафаридан қон олинди, қайта ишланди. Ушбу тайёрланган қонлар белгиланган тартибда текширилиб, қуйишга яроқли деб топилган қон компонентлари барча даволаш-профилактика муассасаларида даволанаётган бемор болалар учун талабнома асосида берилади, - дейди Республика қон қуйиш станцияси бош шифокори Аймурат Тангирбергенов.

Албатта, бундай акцияларни ташкил этишдан асосий мақсад – тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юртимизда беғараз ёрдам кўрсатиш муҳитини кучайтириш орқали кўнгилли равишда савобли ишга қатнашишни хоҳловчи замондошларимизни беғараз қон топширишга чорлаш, аҳоли ўртасида инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА