Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ташаббуси билан Хоразм вилоят қон қуйиш марказида "Бор меҳримиз сенга, болажон!" беғараз донорлик акцияси ўтказилди.
Қурбон ҳайити муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги идора ва ташкилотлар, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, кўнгиллилар, партия фаоллари, депутатлар. фаол иштирок этишди.
--Партиямизнинг анъанавий тадбирларидан бирига айланган мазкур акция бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтариб, баркамол инсонлар бўлиб камол топишида ва уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида муҳим аҳамият касб этмоқда,-- дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Содиқжон Бобоев.--Топширилган қон тўғрисидаги маълумотлар вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси гематология бўлимида даволанаётган бемор болаларга етказилди.
[gallery-23782]
Ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган мазкур хайрия акцияси тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган.
– Ҳар йили партия ташаббуси билан ташкил этилиб келинаётган донорлик акциясида фаол иштирок этаман,--дейди урганчлик донор Эргашбек Матчанов.-- Бу сафар ҳам эрталабдан марказига келиб, қон топшириш талабларига риоя қилган ҳолда қон топширдим. Топширган қоним бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтаришда асқатишини жуда-жуда истайман.
---Фарзанд, набира касал бўлса, ота-она, буви-бувалар учун ундан оғири бўлмаса керак, ---дейди бемор болажон Лазизбек Отаназаровнинг бувиси Дилбар Жуманиёзова. -- Етти яшар набирам Лазизбек олти ойлигидан наслий гемолитик анемия талассемия касаллигига чалиниб, кўпдан даволатиб келамиз. Шу давр мобайнида моддий қийинчиликлар ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қўймади. Фарзандимга партия фаоллари томонидан мунтазам беғараз донорлик қилиб келишмоқда. Бугун ҳам набирамга фаоллар томонидан беғараз донорлик қилишди. Ташкилотчилардан миннатдормиз.
Амалга оширилаётган бу каби саховат амаллари фарзандларимизнинг соғлом, бақувват ва баркамол бўлиб вояга етишларида ҳамда мамлакатимизда инсонлар қадрини улуғлаш тамойили ҳаётга самарали татбиқ этилишида хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Беғараз донорлик акцияси давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари