Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беғараз донорлик акцияси ўтказилди
19:45 / 2025-12-02

Сирдарё вилоятида болаларга тиббий ва ижтимоий кўмакни кучайтириш мақсадида муҳим ташаббус амалга оширилди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг ташаббуси билан онкологик клиникаларда даволанаётган болалар учун беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Акция “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида ўтказилиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва руҳий қувватини мустаҳкамлашга қаратилди. Кўнгиллилар, маҳалла фаоллари ва  аҳоли иштирок этган ушбу акция орқали қон ва тиббий ёрдам воситалари билан болаларга амалий кўмак кўрсатилди.

–  Беғараз донорлик акциялари орқали биз нафақат қон таъминотини таъминлаймиз, балки оғир касалликлардан азият чекаётган болаларга эътибор ва қўллаб-қувватлаш ҳиссини уйғотамиз, –   дейди Сирдарё вилоят қон қуйиш станцияси раҳбари Ҳайдар Саломов.  –  Чунки  бу каби ташаббуслар болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларнинг руҳий ҳолатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир давомида болалар билан суҳбатлар ташкил этилди, уларнинг эҳтиёжлари ўрганилди ва саломатлигини яхшилаш учун зарур чоралар кўрилиши таъкидланди.  

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва партия ҳамкорлари шу каби акцияларнинг давом этишини ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилишини таъкидладилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири