Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Beeline» компанияси абонентларига миллиардлаб зарар қопланмоқда
20:39 / 2020-12-07

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги жорий йилнинг март ойида Beeline Uzbekistan компаниясига нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва “Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари” талаблари бузилиши белгилари бўйича иш қўзғатган эди.

Маълумот учун! 

2019 йилнинг июль ойида “UNITEL” МЧЖ томонидан абонентларни “Хабардор бўл” хизматига бепул промо-даврга (10 ва 30 кунга) уланиши бўйича промо-акция ўтказилиши тўғрисида эълон берилган эди. Ушбу промо-акция мазкур хизматга уланмаган абонентлар учун мўлжалланган. Бироқ, бепул давр тугаши билан, УШБУ ХИЗМАТ автоматик равишда ЎЧИРИЛМАГАН (промо-акция шартларига кўра).   

Аксинча, ўрнатилган нарх бўйича кунлик 240 сўм миқдорида абонетларга ҳисобланган. 

3,2 млн абонентда “Хабардор бўл”

Ушбу промо-акцияга умумий ҳисобда 3,2 миллиондан ортиқ абонент уланган бўлиб, улардан 1,2 миллионга яқини томонидан мазкур хизмат мустақил равишда ўчирилган.  

2020 йил май ҳолатига ушбу хизмат деярли 1,3 млн. абонентда ёқилган ҳолатда бўлишда давом этган.    

Агентликнинг Махсус комиссияси томонидан 2020 йил 3 июль санасида “UNITEL” МЧЖга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси ҳамда Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларининг 25 ва 26 бандлари бузилиши юзасидан қарор қабул қилинди ва кўрсатма берилди. 

Кўрсатма, промо-акцияни ўтказиш давомида “Хабардор бўл” хизматига бепул уланган ва акция тугаганидан сўнг автоматик равишда хизмат ўчирилмаган абонентларга мазкур хизматни ўчириш ва кўрилган зарарни қоплаш бўйича талаблардан иборат бўлиб, ҳар бир абонент ҳисобидан “Хабардор бўл” хизмати доирасида ортиқча ечилган маблағ унинг ҳисобига қайтарилиши билан қопланиши кўзда тутилган.   

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги иккита суд жараёнида ютиб чиқди

“UNITEL” МЧЖ ўзининг қонуний ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, шу йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман маъмурий судига Агентлик кўрсатмасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида мурожаат қилган эди. Натижада, суд “UNITEL” МЧЖнинг талабини рад этиш ва Агентлик кўрсатмасини ўз кучида қолдириш бўйича қарор қабул қилди. 

Бироқ, жорий йилнинг октябрь ойида Компания Тошкент шаҳар маъмурий судига аппеляция даъвоси билан қайта мурожаат қилди. Маъмурий суд ҳам Агентликнинг Кўрсатмасини ҳақиқий деб топиб, Компания аппеляциясини рад этди.  

“Хабардор бўл” хизмати ўчирилди

Шу йилнинг 13 ноябрь куни “UNITEL” МЧЖ ўзининг www.beeline.uz расмий сайтида 26 ноябрдан бошлаб, 2019 йил промо-акция давомида акцияга уланган абонентларда “Хабардор бўл” хизмати ўчирилиши тўғрисида эълон қилди. 

Агентлик томонидан қўзғатилган иш бўйича 9 ой давом этган мунозара истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди. Бугунги кунга келиб, Beeline Uzbekistan абонентларига етказилган зарар 
20 миллиарддан ортиқ миқдорда баҳоланмоқда. Қувонарлиси, компания томонидан ушбу маблағлар абонентлар ҳисобига қайтарилиши бошланди.    

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълум қилади:

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи):

истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этиши шарт;

истеъмолчини товар (иш, хизмат)ни эркин танлашини чеклаши ва қўшимча товар (иш, хизмат) олишга мажбурлаши мумкин эмас;

истеъмолчини ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт.