Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Бечора қонун" ва самарасиз норма – эски тузум асорати ёхуд ўзбекчилик – бемалолчиликми?
17:04 / 2021-11-11

"Кўчмас мол-мулкка ўн беш йилдан ортиқ эгалик қилиб, солиқларни ҳам, коммунал тўловларини ҳам тўлаб келмоқдаман. Бундан ташқари, уни таъмирладим, қурилиш қилдим... Суддан ушбу кўчмас мол-мулкка эгалигимни белгилаб беришини сўрайман".

Шу каби даъволар асосидаги фуқаролик ёки иқтисодий ишлар ўз долзарблигини ёки салмоғини йўқотганича йўқ.

САБАБЛАР...

Аввало "бечора ҳуқуқий онгимиз ҳал-ҳануз ўзбекчилик, бемалолчилик, хотиржамлик, секин-асталик, шу кўчмас мулкдан 15 йил фойдаланиб турайликчи, кейин у ёғи бир гап бўлар-да", деган қонун, ҳуқуқни четлаб ўтишга мойил бўлган ўй-фикрлар ва қарашлардан ортган ҳолда юксалиб улгура олмаяпти.

Шу ўринда Бу соҳадаги «Бечора қонун»нинг «қўли калтароқ», шу масалани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари бироз «камбағал»роқ ё ғализ ё уларда кўп саволларга ечим йўқ каби важни исботлашга уринамиз.

Демак, юқорида келтирилган «Кўчмас мулкка 15 йилдан ортиқ эгалик қилдим, эгалигимни белгилаб беринг», каби даъволарни ҳал этишда қўлланиладиган асосий ҳуқуқий норма, бу – Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 187-моддасидир.

Унда, «Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади», деб белгиланган.

Энди эшитинг, ҳаммаси, «Ана шу рўйхатдан ўтказилгандан бошлаб мулк ҳуқуқи вужудга келади», деган сўзлардан бошланади. Яъни, "Кўчмас мулкка 15 йилдан ортиқ эгалик қилдим», деб мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун кадастр хизматига мурожаат қиласиз, ташкилот эса сизга «Бу мулкни рўйхатдан ўтказиш учун суд қарори керак, судга боринг», деб жавоб беради.  

Чунки кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр гувоҳномасини бериш учун асос бўлиб, ҳокимлик қарори, мерос гувоҳномаси, ҳадя шартномаси, олди-сотди шартномаси ёки суд қарори бўлиши лозим.

Демак, гувоҳнома ва шартномалар эса, сизда йўқ. Агар бўлганида, 15 йил кутмаган бўлар эдингиз...  

Шунинг учун ҳам сизга мулк ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги суд қарори керак бўлади.

Сиз даъвонгизда мулкка 15 йилдан ортиқ эгалик (фойдаланиб келаётганлигингиз) қилаётганлигингиз, солиқларни, коммунал тўловларни тўлаётганлигингиз, мулкка таъмир ишлари олиб борганлигингиз, қурилиш қилганлигингизни баён этасиз.

Шу ўринда, жойи келганда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 187-моддасидан мол-мулкка ўн беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган деб белгиланишида эгалик сўзи нотўғри ишлатилган ҳамда ушбу сўз, бутун бошли ФКнинг 187-моддасини ғализ қилиб, тушунарсиз этиб, ушбу нормани мулк ҳуқуқига оид бошқа нормалар билан колизион ҳолатга келтириб қўйган.

Шу билан бирга, ушбу нормада аслида «эгалик» сўзи ёки тушунчаси ўзбек адабий тилида нимани англатди деган оддий бир саволга ҳам катта эътибор қаратилмаган.

Бу эса албатта шу каби даъво (низо)ларни кўришда одил судловга, суд хулосаларига албатта таъсир этмоқда. Негаки, аслида мулкка йиллар давомида эгалик қилиб келинганлик мулкдан йиллар давомида фойдаланиб келганликни назарда тутиши ва фойдаланиб келинганлик тарзида баён этилиши лозим эди.

Кўринадики, ушбу норма талқини бу борадаги низоларнинг олдини олишга,тўлақонли ечишга, батамом ҳал этишга кутилгани каби самарали таъсир этмаётир.

Шунинг учун ҳам баъзида «Давлат ерини эгаллаб, қурилиш қилиб, рухсатсиз фойдаланиб келиш ёки маълум сабабга кўра бирор жойга кетиб қолган, вафот этган қўшни, қариндош ва ҳоказоларнинг мулкидан йиллар давомида фойдаланиш ҳамда ҳеч кимдан эътироз бўлмади, бу – 15 йилдан ортиқ эгалик қилганликни эмас, фойдаланиб келинганликни англатади, эгалик ҳақиқий мулкдорга хос», демоқчи бўласану, лекин шарт эмас дейсан-қўясан.

ТАСАВВУР ҚИЛСАК...

Тасаввур қилинг, давлат ер участкасидан маълум қисмини эгаллаб олиб, унда қурилиш қилиб, ҳеч ким эътироз билдирмадику, деб 15 йилдан ортиқ яшаб, ана энди эгалик ҳуқуқини судда белгилатиб олсак, бўлар деб даъво киритилса...

Масалан, даъвогар Ҳ.Зияева жавобгар Чилонзор туман ҳокимиятига нисбатан давлат ер участкасидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, қурилиш қилган ва йиллар ўтиб, ер участкасига эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақида ФИБ Учтепа туманлараро судига даъво қилган.

Кейинги мисол, С.Жумаева Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 11-мавзе, ...уй, ...хонадонга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси билан ФИБ Учтепа туманлараро судига мурожаат қилган. Даъвони қаноатлантириш рад этилган. Чунки, мулкдор С.Арипов ҳаёт бўлган, фойдаланувчи (эгалик қилувчи эмас) эса, унга ушбу хонадондан айнан у фойдаланиб (эгалик қилиб турувчи) келаётганлигини билдирмасликка ҳаракат қилган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Демак, мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлганидан кейин, нима учун 15 йил унга эгалик қилган киши ҳақдор бўлади (бунда эгасиз мулк назарда тутилмаяпти). Ёки мулкка ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс нима учун 15 йил кутиши керак, нима бўлганда ҳам мулк ҳуқуқи муддатсизку?!

Алқисса, мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини ФКнинг 187-моддасида ҳам аниқ баён этиш, бу икки тушунчанинг талқин чегарасини белгилаш, мулкдорнинг имтиёзли ҳуқуқига нисбатан зинҳор мулкдан фойдаланувчининг ҳуқуқини яқинлаштириб қўймаслик мақсадга мувофиқ.  

Фойдаланувчи қарийб мулкдор билан тенг ҳуқуқли бўлиб қолмаслиги шарт. Чунки бу каби нормалар эски тузум асоратидир. Бундай норма бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий демократик давлат хусусиятига мос келмайди. Мулк ҳуқуқи ривожланмайди, фойдаланувчи, ижарачи, ижтимоий ҳимоя, адолат четда қолиб, ижтимоий адолат деб юраверамиз.

Шундай экан, кўчмас мулкдан «15 йилдан ортиқ фойдаландим, эгаликни белгилаб беринг», деган низолар ҳам долзарблигини йўқотмайди.

Судлар томонидан эгалик белгиланаётган қарорларга эса шубҳа, гумон, нега эгалик белгиланди, бу ерда бир гап бор, деган қарашлар билан бошимизни тўлдириб қолаверамиз. Ундан у ёғига ўтишга қўрқамиз, чунки эгаликни белгилаб берибди деган ортиқча гап ҳеч кимга керак бўлмагани каби асоссиз гапларни муҳокама қилишни ҳам яхши кўрамиз. Гўёки бу бизни бошқалардан ажратиб туради...

Яна бир гап, қонун ҳужжатлари қачон четлаб ўтилади? Қачонки уларда адолат намоён бўлмаганида, уларда бюрократия, тўсиқ ва ғов уфуриб турганида..

Шу маънода, мулк ҳуқуқидаги мавжуд, ҳар учала белги яъни, эгалик, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари ўз ўрнида, ўз мавқеида, аниқ-тиниқ ва равон талқин этиладиган ҳолатда баён этилмоғи, ишлатилмоғи лозим.  

Зеро, одил судлов фақат низоларни кўриб чиқишда эмас ёки қарор қабул қилишдагина ҳам эмас, низоларнинг олдини олиб, ҳал этишда, умуман суд олдида турган аҳоли муаммоларини бартараф этишда, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий қараш, ҳуқуқий маданият ҳамда халқаро даражада эътироф этилган талаблар ва албатта азиз инсон ҳуқуқларини кафолатлашдек эзгу талабларга жавоб бера оладиган мукаммал қонунлар ҳужжатлари хизматига таянади.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

ФИБ Учтепа туманлараро  

суди раисининг ўринбосари