Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бебаҳо санъатнинг ибратли дарғаси
11:18 / 2025-06-19

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон халқ артисти, миллий санъатимизнинг ёрқин намояндаларидан бири, бетакрор овоз соҳиби Ортиқ Отажонов хотирасига бағишлаб “Устозга эҳтиром” номли концерт дастури ташкил этилди.

“Халқлар дўстлиги” санъат саройида ташкил этилган мазкур дастур санъат ихлосмандлари, ижодкорлар ва ёш истеъдодлар учун нафис мусиқий лаҳзаларни ҳадя этиш билан бирга, устоз ҳофизнинг миллий санъатимиз равнақи йўлидаги беқиёс хизматларини ёд этиш, унинг бой ижодий меросини эъзозлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.  

Ортиқ Отажонов ўзининг ноёб истеъдоди, бетакрор овоз тембри, миллий куй ва ашула мактабига садоқатли ёндашуви билан ўзбек санъати тарихида ўчмас из қолдирган. У 1991 йил 8 ноябрь куни мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирланган санъаткордир.  

Устоз санъаткор репертуари асосини миллий руҳдаги, теран фалсафий ғояга йўғрилган  қўшиқлар ташкил этиши билан аҳамиятлидир. Ортиқ Отажонов узоқ йиллар давомида “Лазги” ансамблида бадиий раҳбар сифатида фаолият кўрсатган эди. 

Унинг репертуаридан Хоразм мумтоз ашулалари  “Феруз I , II” савтлари билан, “Чапандози Сувора”, “Кажҳанг Сувора”, “Хоразм Дугоҳи”  ва бошқа бетакрор мусиқа намуналари ўрин олган. Шу билан бирга О.Отажонов  куйини ўзи басталаган асарлар “Она диёрим”, “Хоразм фарзандиман”, “Орол дарди”, “Умр ўтар, вақт ўтар” каби қўшиқлар ҳозиргача санъат мухлислари томонидан севиб тингланади. Энг асосийси, Ортиқ Отажонов аксарият устоз санъаткорлар каби ўз фаолиятида, ижросида сохталикка, фонограммага, саёзликка сира йўл қўймаган.  

Санъаткор шунингдек, афғон, туркман, озарбайжон, рус, араб қўшиқларини маромига етказиб ижро этган.  Ортиқ Отажонов Осиё, Европа давлатлари, шунингдек, Aвстралия, АҚШда миллий санъатимизни тарғиб этишга фаол ҳисса қўшган.  

Устоз санъаткор хотирасига бағишланган мусиқий кечада Ортиқ Отажоновнинг ўз мусиқаси асосидаги машҳур қўшиқлари тингловчилар эътиборига ҳавола қилинди.  

Мусиқа оқшомида Ўзбекистон халқ артисти, Тожикистон халқ ҳофизи Оғабек Собиров, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари Ғофуржон ва Ғуломжон Эшчонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, таниқли хонандалар Зокир ва Улуғбек Отажоновлар, Одилбек Собиров ва бошқалар қатнашди.  

Шунингдек, концертда Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Хоразм вилояти ҳудудий бўлими ансамбли ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Феруза Озодова раҳбарлигидаги “Муножат” рақс ансамбли ҳам ихлосмандларга хуш кайфият улашди.  

“Устозга эҳтиром” маърифий лойиҳаси наинки  хотира кечаси, балки миллий мусиқамиз тимсолига айланган санъаткор меросига ўзига хос  ҳурмат рамзи бўлди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажоновнинг санъатдаги йўли бетакрор ибрат мактабидир.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири