Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бебаҳо неъматни исроф қилмайлик
10:48 / 2024-01-28

“Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилги вазифалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республиасида жорий йил 1 январь ҳолатига 1 миллион 994 минг нафардан ортиқ аҳоли бўлиб, шундан 1 миллион 444 минг нафари марказлашган ичимлик сув билан таъминланган. Бу эса аҳолининг 72,4 фоизини ташкил этади. Шунингдек, оқова сув билан таъминланганлик даражаси  5,4 фоиздан иборат.

Ичимлик сув тармоқларининг узунлиги 7608,1, оқова сув тармоқларининг узунлиги 218,9 километрдан иборат. Ҳудуд аҳолисини ичимлик сув билан таъминловчи 3 та йирик сув тозалаш иншооти бўлиб, биринчиси “Туямўйин” сув тозалаш иншооти (қуввати суткасига 100 минг куб) Амударёнинг ўнг соҳилидаги  Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё,  Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманлари ҳамда Нукус шаҳрига узунлиги  356 километр, Д=1020-1420мм. бўлган “Туямўйин-Нукус-Тахтакўпир” сув қувурлари орқали сув етказиб беради. Ушбу иншоотдан соатига 4100 киловатлик ва соатига  3600 м3.лик  6 та насос орқали ичимлик сув етказилади.  

Иккинчиси “Тахиатош” сув тозалаш ва узатиш иншооти (қуввати суткасига 60 минг куб) Амударёнинг чап соҳилидаги Тахиатош, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларига узунлиги 197,6 километрлик, Д=1000-600-500-450-355 миллиметрлик сув қувури орқали сув етказиб беради.

Учинчиси “Нукус” сув тозалаш ва узатиш иншооти (қуввати суткасига 65 минг куб) Нукус шаҳрини тоза ичимлик суви билан таъминлайди.

Бундан ташқари, ҳар бир шаҳар ва туман марказларига, қишлоқ аҳоли пунктлари халқига очиқ сув ҳавзалари ва ер ости сув манбаларидан 305 та жойдаги сув иншооти орқали ичимлик суви етказиб берилади.

“Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамиятида “1051” қисқа телефон рақами орқали 24 соатлик авария-тиклаш диспетчерлик хизмати фаолият олиб бормоқда. Келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш ва авария ҳолатларини сифатли бартараф этиш мақсадида 76 нафар мутахассисдан иборат  19 та бригада ташкил этилган бўлиб, 47 та махсус техника бириктирилган.

[gallery-15673]

Аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви сифати Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси билан келишилган жадвал асосида шаҳар ва туман лабораторияларида ичимлик суви намуналари олиниб, кимёвий ва бактериологик таҳлиллар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти O'zDst 950:2011 “ичимлик суви” талабига жавоб бериши мунтазам текшириб борилади.

Тадбирда аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг таннархи юқори эканлиги, инсоният учун энг муҳим ва зарур бўлган сувни тежаш кераклиги, унинг қадрига етиш, бу борада аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш зарурлиги қайд этилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА