English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бебаҳо дурдоналаримизни ўрганиш ҳам маънавиятдир
17:37 / 2021-01-20

Президентимиз раислигида бўлиб ўтган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган кўрсатма ва топшириқлар ўз халқи, унинг ўтмиши ва келажаги учун бефарқ бўлмаган ҳар бир одамда катта қизиқиш ва ҳаяжон уйғотди.

Очиғини тан олиш керак бу борадаги ишларнинг сусайиб қолганлиги кўпчиликда, айниқса, зиёлиларда ўринли ташвишга сабаб бўлаётган эди. Давлатимиз раҳбари нафақат соҳадаги муаммоларни кўрсатди, балки уларнинг аниқ, равшан ечимларини белгилаб ҳам берди.

Президентимизнинг маънавий тарбияни мактабгача ёш босқичидан бошлаш керак, деган сўзлари, айниқса, психологларнинг кўнглидаги гап бўлди. Чунки мавжуд психологик қонуниятга кўра, шахснинг хулқи 5-6 ёшгача тўла шаклланиб бўлади ва кейинчалик характер хусусияти сифатида деярли ўзгаришга учрамайди. Айнан шу қоида буюк аждодимиз Ибн Сино томонидан ҳам таъкидланган. Бизда мактабгача таълим ташкилотларида самарали маънавий тарбияни амалга оширишнинг кучли воситаси бўлган эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалаба қозонишига ишончни, меҳр-оқибатни сингдирадиган миллий эртакларимиз ва одоб-ахлоқ қоидалари, хулқ усулларини ўргатадиган миллий ўйинларимиз бор, бу имкониятлардан самарали фойдаланишимиз зарур.  

Қўқон давлат педагогика институтида берилган топшириқлар ижросини таъминлашга ҳозирдан киришилди. Атроф туманлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктириладиган профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилмоқда, институт маънавият-маърифат кенгашининг, факультетларда маънавий-маърифий ишларнинг “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда.

Қўқон азал-азалдан олиму-фузалолар, шоирлар ва санъаткорлар маскани бўлган, тарихан улкан ҳудуднинг маънавий-маърифий маркази ҳисобланган. Ҳеч қаерга нисбат берилмаган адабий муҳит атамаси фақат Қўқон адабий муҳитига нисбатан қўлланилади. Ҳозирда ушбу адабий муҳитга тааллуқли 300 дан зиёд шоирлар номи маълум. Институтимиз тилшунос ва адабиётшунос олимлари томонидан ҳозир 100 нафар Қўқон адабий муҳити вакилларининг таржимаи ҳоли ҳамда асарларидан намуналарни ўз ичига олган “Қўқон адабий муҳити антологияси” тайёрланаяпти – бу бизнинг халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган камтарона ҳиссамиз бўлади. Шу билан бирга, инглиз ва рус тилларига таржима қилиниб нашрга тайёрланаётган “Ҳунармандчилик изоҳли луғати” ўзбек атамаларининг чет тилларига кириб боришига, маънавиятимиз дурдоналаридан бошқа халқларнинг ҳам баҳраманд бўлишларига имкон яратади, деган умиддамиз.

Институтимиз профессор-ўқитувчилари ташкил этилиши режалаштирилган Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти фаолиятида иштирок этиб, маънавий-маърифий тарғибот методологияси ва технологиясини ишлаб чиқишда яқиндан кўмак беришга тайёр. Шунингдек, ёшлар тарбияси, уларнинг маънавий оламини юксалтириш кабилар кунлик иш тартибимиздан ўрин олади. Биз зиёлилар йиғилишда қўйилган вазифаларни юксак даражада таъминлаш чораларини кўриб, маънавий-маърифий ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга ўз ҳиссамизни қўшамиз.  

 

Маъмуржон Отажонов,  

Қўқон давлат педагогика институти ректори.

 

ЎзА