Учтепа туманида барпо этилган “ПИР НАШР” китоб масканида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда “ПИР” нашриёти ҳамкорлигида тарихий-илмий адабиёт ихлосмандлари учун муҳим маданий воқеа — таниқли америкалик тарихчи профессор Беатрис Форбс Менз қаламига мансуб “ТЕМУР. Юксалиш ва ҳукмронлик йўли” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда тарихчилар, олимлар, ёш тадқиқотчилар, Ёшлар парламенти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Мазкур китобда Соҳибқирон Амир Темурнинг сиёсий майдонга чиқиши, марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги мураккаб жараёнлар, ҳарбий юришларининг стратегик асослари ҳамда Темурийлар салтанатининг кейинги тақдири чуқур илмий таҳлил асосида ёритилган.
Муаллиф Чағатой улусида тарқоқ қабилалар устидан ягона бошқарув тизимининг шаклланиши, дашт ва ўтроқ аҳоли қатламлари ўртасидаги мувозанатли сиёсат, шунингдек, Темур вафотидан сўнг юз берган сиёсий воқеалар сабабларини манбаларга таянган ҳолда очиб беради.
[gallery-27560]
Асарда Темур шахсига оид тарихий баҳолар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, 1400–1401 йилларда Дамашқ қамалидан сўнг Соҳибқирон билан учрашган машҳур мутафаккир Ибн Халдун ўз автобиографик асарида унинг ўткир тафаккури, кенг дунёқараши ва баҳс ва мунозарани хуш кўришини алоҳида қайд этгани эслатиб ўтилади.
Бугунги кунда мазкур тадқиқот Америка Қўшма Штатлари, Англия ва Туркия каби мамлакатларда Амир Темур давлати тарихини ўрганишда муҳим илмий манбалардан бири сифатида кенг фойдаланиб келинмоқда. Ўзбек тилидаги нашр эса юртимиз китобхонлари учун ушбу фундаментал асардан баҳраманд бўлиш имконини яратади.
Тақдимот давомида асарнинг илмий аҳамияти, Амир Темур давлатчилиги ҳақидаги замонавий қарашлар ҳамда таржима жараёни юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
М.Комилова, А.Алижонов (сурат), ЎзА