Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баъзи соҳаларда норасмий операциялар улуши ҳанузгача юқори
15:15 / 2025-07-09

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идораларнинг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали солиқ базасини кенгайтириш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш стратегиясини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.

Қўмита эшитувида “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгилаб берилган яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартириш орқали давлат бюджетининг даромадларини мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда яширин иқтисодиётга қарши курашиш устувор йўналиш сифатида белгиланган бўлиб, бу йўналишда қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, рақамлаштириш, бизнес муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш ҳамда бу борадаги ишлар бўйича фуқароларни хабардор қилиб бориш долзарб вазифа сифатида қаралмоқда. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолият юритиши, солиқ солиш базасининг ортиб бориши, тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳити шаклланишига хизмат қилади.

Муҳокамаларда депутатлар қишлоқ хўжалиги, савдо, саноат, қурилиш ва хизматлар соҳаларида норасмий операциялар улуши ҳанузгача юқори бўлиб қолаётганини танқид остига олдилар. Мазкур йўналишда ишларни тўғри ташкил қилишда қонунчиликка қатъий амал қилиш, ички назорат тизимларини жорий этишда халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва хорижий тажриба кенг қўлланилиши лозимлиги таъкидланди.

Халқ вакиллари яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига қарамасдан айрим соҳалардаги камчиликларга эътибор қаратишди. Хусусан, давлат харидларини рақамлаштириш, тендер ва аукцион савдоларида шаффофликни ошириш, тадбиркорларга солиқ юкини камайтириш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали мамлакатимизда яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга йўналтирилган тизимли чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир якунида яширин иқтисодиётга барҳам беришда мутасадди вазирлик ва идоралар олдида турган вазифаларни амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Н.Насриев,

ЎзА