Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баъзи масъуллар сувни тежаб, оқилона фойдаланишга нега бефарқ?
11:43 / 2024-01-31

Дунё миқёсида ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, уни тежаб-тергаб ишлатиш долзарб муаммога айланиб улгурган. Мамлакатимизда ҳам бу борада кескин чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, тежамкор технологияларни жорий қилиш бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Фарғона вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан аҳоли, хусусан, давлат ташкилотлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида сувдан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йил январь ойининг ўзида ичимлик ва оқова сув тармоқларига 4 та ноқонуний уланма, 3 та ноқонуний қазилган ер ости ичимлик суви қудуғи, ичимлик суви тармоқларидаги 9 та носозлик –авария ҳолатлари, 3 та ҳолатда сувнинг дастлабки ҳисобини юритиш қоидалари бузилгани аниқланди. Содир этилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 15 миллион 300 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар расмийлаштирилди.  

Лекин мутасаддилар ва истеъмолчиларнинг сувдан оқилона фойдаланиш маданияти, бюджет ташкилотлари томонидан “ақлли”  ҳисоблагичлар ўрнатишга бўлган муносабати талаб даражасида эмас.  

Мисол учун, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти кўп тармоқли клиникасида ичимлик суви ҳисоблагичлари янгисига алмаштирилмаган. Ваҳоланки, Президентимизнинг 2022 йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан  барча юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчиларнинг масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатиши талаб этилган. 2024 йил 1 январдан эса масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатмаган истеъмолчилар билан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун сувни ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланмаган истеъмолчилар сифатида ҳисоб-китоб амалга оширилиши белгилаб қўйилган.  

Фарғона шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида ўтказилган назорат тадбирида ҳам юқоридагидек ҳолат аниқланди. Мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ўктамжон Бозоровнинг айтишича, айни пайтда барча таълим муассасаларига “ақлли” сув ҳисоблагичлар ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар, хатлов ишлари олиб борилмоқда. Лекин савол туғилади: қачон бу ишлар якунига етади-ю, сув тежамкорлигига қачон амал қила бошлаймиз?  

– Фуқароларимиз, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ичимлик сув тежамкорлигига амал қилишларини сўраб қолган бўлардим. Хусусан, замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатиш, бу ҳисоблагичларнинг давлат стандартларига мослигини доимий назоратдан ўтказиб туриш бугунги кун талаби, – дейди  Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ичимликдан оқилона фойдаланиш ва оқова сув хизматларини кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Улуғбек Яқубжонов. – Афсуски, бу долзарб вазифага панжа орасидан қараётган мутасаддилар ҳам бор. Ичимлик суив тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш, ўлчаш асбобларига қасддан зарар етказиш ва кўрсаткичларни ўзгартириш каби ҳолатлар бунга мисол бўлади.  

Таъкидлаш керакки, сувни тежашга бугундан эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлади.  

М.Сулаймонов,  

ЎзА мухбири