Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баъзи манфаатдорликлар адолатли қарор чиқаришга йўл қўймаяпти
19:07 / 2020-10-09

Бу сўнгги йилларда ислоҳ этилаётган суд-ҳуқуқ тизими, қонун ҳужжатлари такомиллаштирилаётган ва ечимини кутаётган муаммоли соҳаларга ҳам тегишли.


Бугунги ахборот асрида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни яшириб туришнинг иложи йўқ. Айниқса, эркинлик берилиб, ижтимоий тармоқлар анча ривожланган даврда ҳар бир маълумот, яхшими ёки ёмон, кимнинг манфаатларига хизмат қилишидан қатъи назар сизиб чиқаяпти.

Бу сўнгги йилларда ислоҳ этилаётган суд-ҳуқуқ тизими, қонун ҳужжатлари такомиллаштирилаётган ва ечимини кутаётган муаммоли соҳаларга ҳам тегишли.

Айни жараёнда партиялар ва улар орқали халқ ишончи ортидан депутатликка сайланган масъуллар имкон қадар адолат билан қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш таклифлари билан чиқмоқда. “Адолат” СДП сиёсий кенгаши юрисконсульти, 1-даражали адлия маслаҳатчиси – Бахтиёр ИБРОҲИМОВ айни таклифлар хусусида сўзлаб берди:

– Маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш тўлиқ судга ўтказилса, ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқбузарлик ишларини кўриш ваколати бекор қилинса, нима ўзгаради? Фуқароларга қандай наф ва енгиллик беради, – дейди Б.Иброҳимов.

Ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ишларининг тахминан 75 фоизи судлар, қолган 25 фоизи эса 30 га яқин ижро ҳокимияти органлари томонидан кўрилади.

Одил судловни таъминлаш мақсадида суд муҳокамаси шаффоф ва холис ўтказилади, фуқаролар ва юридик шахс вакиллари чақириб сўроқ қилинади, айбни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар, воқеанинг объектив ва субъектив сабаблари ўрганилади. Кодексда белгиланган жазо чорасидан ҳам енгилроқ ёки огоҳлантириш деган таъсир чорасини қўллаш имконияти вужудга келади ва энг асосийси суд қарорисиз жазо чораларини қўллаш ҳолатига барҳам берилади.

Ижро ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари эса бу ҳолатларни ўрганмасдан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминламай, идора манфаатидан келиб чиқиб, катта суммадаги жарима чорасини қўллаш ҳақида қарор қабул қиляпти.

Ундириладиган жарима суммасининг бир қисми мазкур органлар ҳисобида қолади, бу эса ишлар холисона ва адолатли кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилинишига шубҳа уйғотади.

Қонунда мансабдор шахс қароридан норози томоннинг юқори турувчи органга ёки судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Лекин бу фуқароларнинг ортиқча овора бўлишига, сансалорликка сабаб бўлади.

Шунингдек, ундириладиган давлат божлари, жарималар, йиғимларнинг бир қисми давлат бюджетига тушмаган ҳолда айрим давлат органларига йўналтирилаётгани, маблағдан мақсадсиз фойдаланиш ва коррупция ҳолати ривожланишига сабаб бўлиши мумкинлиги яхши маълум. “Адолат” СДП давлат божлари ва бошқа мажбурий ундирувлар тўлиқ давлат бюджетига ўтказилиб, сўнгра қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланиши зарур, деб ҳисоблайди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Адлия, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Ҳисоб палатаси каби бир қанча органлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, ҳужжатларни қонуний ва адолатли кўриб чиқиш учун судга юбориш тартиби ҳам белгиланган.

Худди шу тартибни бошқа идораларга нисбатан ҳам татбиқ этиш лозим.

Бошқа қонунларда ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш судга ўтказилишига замин яратилгандек кўринади.

Масалан, асосий қонунимиз бўлган Конституциянинг 88-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. Улар тегишли палата розилиги олинмасдан жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки эътибор беринг, суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас, деб белгиланган.

Шундай тартиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўғрисида, Олий Мажлис Сенати тўғрисида, ушбу палаталар Регламенти тўғрисида, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунлар ва Сайлов кодексида ҳам қайд этилган.

Ваҳоланки, юқорида айтиб ўтилгандек, ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб жазо чораси тайинлаш ваколатига эга.

Қонунлардаги бундай бўшлиқлар, қарама-қарши ҳолатлар бартараф этилиши лозим.

Президентимиз шу йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Қонунчиликни янгилашдан мақсад – фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозим”, деган тавсиясига асосан таклифларимиз бор.

Биринчи, Маъмурий сўзи ҳокимият томонидан чора кўришни англатиши, маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда маъмурий сўзи ҳеч қандай маъно касб этмаслиги, маъмурий судлар ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишларни 2021 йилдан кўрмаслигини инобатга олиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекс деб ўзгартириш;

Иккинчи, ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ барча ишларни кўришни жиноят ишлари бўйича суд ваколатига ўтказиш, истисно тариқасида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий судлар иш кўраётган суд жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликни ўша суд томонидан жойида кўриш тартибини белгилаш;

Учинчи, видео ва фототасвирга тушган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳам Йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан баённома расмийлаштириб, ҳужжатларни жиноят ишлари бўйича судга кўриб чиқиш учун юбориш;

Тўртинчи, халқаро ва республика аҳамиятидаги автомагистраль йўлларда таъқиқловчи белгиларни камайтириш, тезлик чегарасини 120 км/соат, аҳоли пунктида эса 90 км/соат деб белгилаш, йўл белгиларини маҳаллий Кенгаш қарори билан ўрнатиш;

Бешинчи, МЖтКдан транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқариш белгиланган 131-моддани чиқариб, ЖКга “Алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар таъсирида транспорт воситаларини бошқариш” деган қўшимча 2661-моддани киритиш. Транспорт воситасини юқорида қайд этилган моддалар таъсирида бошқаргани учун хорижий тажрибадан келиб чиқиб, мисол учун бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш, йўл транспорт ҳодисаси оқибатига қараб, ЖКнинг 266-моддасида назарда тутилган жазо чорасидан оғирроқ жазо чораси белгилаш;

Олтинчи, бир ой муддат ичида жарима миқдорининг 70 фоизи ихтиёрий равишда тўланса, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиш;

Еттинчи, жиноий ишларни кўришда жорий этилган ярашув институтини ҳуқуқбузарлик ишларини кўришга ҳам татбиқ этиш;

Саккизинчи, ҳуқуқбузарлик учун жазо чораларини енгиллаштириш кабиларни таклиф қиламиз.

Яна бир масала бу автомашиналарнинг йўл четида тўхташи учун умуман шароит яратилмаган, лекин тўхташ ҳолати қайд этилса, бугунги кунда 669 000 сўм (базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида) жарима тўланади.

Жиноят кодекси бўйича жазо чоралари либераллаштирилмоқда, лекин ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори кўпайтирилиб жазо кучайтирилаяпти. Бу каби жиддий, аҳолига мураккаблик туғдирувчи вазиятларни ҳам адолатли ҳал этиш керак бўлади.

ЎзА мухбири
Барно МЕЛИҚУЛОВА
ёзиб олди