Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баъзи ҳудудлардаги пиёдалар йўлаклари белгиланган ўлчам ва талабларга жавоб бермайди
14:20 / 2021-08-24

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридаги вазифалар асосида соҳада тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

 Хусусан, югуриш, юриш, велоспорт, бадминтон, стритбол, Workaut ва бошқа спорт турлари бўйича жами 56 мингдан зиёд оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, уларга 4 миллион 700 минг аҳоли жалб қилинган. Аҳоли ўртасида 31 мингга яқин соғломлаштириш (эрталабги бадантарбия) тадбирларида 3 миллион 3 мингга яқин аҳоли иштироки таъминланган.  

 Ёпиқ спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш мақсадида таълим муассасаларининг 5 минг 359 та спорт заллари инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг 4 минг 235 тасида дарслардан сўнг аҳолининг спорт билан шуғулланишлари учун имконият яратилган. Натижада бир кунда 473 мингдан зиёд аҳолини спортга жалб қилиш имкони пайдо бўлган.  

 Қолаверса, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” www.1hls.uz веб-портали ҳамда унинг мобиль иловаси яратилиб, ишга туширилган ҳамда юклаб олиш учун Google Play интернет тармоғига жойлаштирилган.  

 Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди. Аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳисобини юритишнинг аниқ мезонлари йўқлиги туфайли жойларда бу борадаги кўрсаткичларни реал баҳолаш имкони мавжуд эмас. Айрим ҳудудларда бир марталик оммавий спорт тадбирларига жалб қилинган аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар рўйхатига киритиш орқали қамров кўрсаткичларини ошириш ҳолатлари кузатилмоқда.  

 Навоий вилоятида 199 та, Тошкент вилоятида 98 та, Хоразм вилоятида 48 та, Сурхондарё вилоятидаги 40 та маҳаллада велоспорт, юриш, югуриш йўлаклари мавжуд эмас. Баъзи ҳудудлардаги мутасаддилар томонидан “Саломатлик йўлаклари” сифатида тақдим этилаётган пиёдалар йўлаклари белгиланган ўлчам ва талабларга жавоб бермайди. Қолаверса, спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш етарлича ташкил этилмаган.  

 

Нурилло Насриев, ЎзА