Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бажарилган меҳнат, кўрсатилган хизмат ҳақи тўланиши шарт
14:59 / 2025-06-18

Тадбиркор маҳсулот ишлаб чиқаради, хизмат кўрсатади, ҳеч кимдан ортиқча нарса талаб қилмайди — фақат ўз меҳнати қадрланишини истайди.

“ALAMXON GOLD GROUP” корхонаси Ургут туман тиббиёт бирлашмаси учун катта ҳажмдаги таъмирлаш ишларини амалга оширди. Ўртада тузилган шартнома асосида тиббиёт бирлашмасининг "Ғойибота" бўлими иситиш тизими, туғруқ мажмуаси, наркология ва кўз касалликлари бўлимларида жами 664 миллион сўмликдан ортиқ иш бажарди. Аммо кўрсатилган хизматнинг ҳақи тўланмади. Тадбиркор эса хизмат кўрсатиб, ўз ҳақини ололмади, сарсон бўлди.

Стоматолог врач Жавоҳир Тоҳиров ҳам шундай ҳолатга тушди. У Ургут тумани тиббиёт бирлашмасида март ойидан буён беморларни қабул қилиб, тиббий хизмат кўрсатди. Лекин унга ҳам бирлашма масъуллари “буйруғинг чиқмаган”, деган баҳона билан ойлик маошини тўламай келаётган эди.

“ALAMXON GOLD GROUP” корхонаси раҳбарлари ва Жавоҳир Тоҳиров бузилган ҳуқуқлари тикланишини сўраб, Ургут туман адлия бўлимига мурожаат қилгач, юқорида қайд этилган ноҳақликларга барҳам берилди. “ALAMXON GOLD GROUP”га кўрсатилган хизмат учун тўлов ва шифокорнинг тўланмаган иш ҳақи ҳам тўланиши таъминланди.  

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, бу каби адолатсизлик туман қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам бегона эмас экан. Ургут туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси томонидан фермер хўжаликларига узлуксиз сув етказиб бериш хизмати кўрсатилган бўлса-да, ушбу хизмат учун белгиланган тўловлар ўз вақтида тўланмаган. Бу ҳолат фермерлар билан шартнома асосида иш олиб борган давлат муассасасининг иқтисодий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатган.  

Ургут туман юридик хизмат кўрсатиш маркази масалага аралашиб, тегишли ҳуқуқий тадбирларни кўрди ва натижада хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг манфаатлари ҳимоя қилиниб, кечиктирилган тўловлар тўлиқ ундирилиши таъминланди. Бу воқеа яна бир бор шуни кўрсатдики, давлат ташкилотлари фаолиятида ҳам ҳуқуқий механизмлар тўғри ишласа, адолат тикланиши муқаррар.

Ҳар бир бажарилган меҳнат ўз вақтида ва тўлиқ баҳоланиши керак. Адолат фақат суд залида эмас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида намоён бўлиши лозим.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири