«Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади». Президент Шавкат Мирзиёев қайд этган мақсад мамлакатимизнинг тараққиёт стратегиясида энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Уларнинг ижросини тизимли тарзда, ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.
Мазкур бош ғоя асосида амалга оширилаётган ишлар самарасини беряпти. Юртимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, давлат ташкилотларида аёлларни иш билан таъминлаш, умуман, хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, гендер тенглигига қатъий амал қилиш мақсадида аёлларга қулай шароитлар яратиб берилган.
ЎзА Бирлашган миллатлар ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда эълон қилаётган навбатдаги мақолада айнан жамиятда ўз ўрнини топган, шахсий бизнесини йўлга қўйган Зийнегулнинг ҳаёти ҳикоя қилинади. У республикадаги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга бел боғлагани рост.
2018 йил охирида БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди Оролбўйида яшовчи жамоаларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини қондириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қўшма саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида миллий ва халқаро ҳамкорлик учун интеграциялашган платформа яратди.
Мазкур фонд ташкил этилганидан буён озиқ-овқат, атроф-муҳит, ижтимоий, иқтисодий ва соғлиқни сақлаш хавфсизлиги борасидаги муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаяпти. 2023 йил январь ойи ҳолатига кўра, 247 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, ёшлар, аёллар ва қариялар ҳаётини яхшилаш мақсадида 13,5 миллион доллар миқдордаги еттита қўшма дастур молиялаштирилди.
Зийнегул БМТнинг Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик ва ривожланиш бўйича жамғармаси ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди молиявий бизнес лойиҳаси танлови ғолибаси ҳисобланади.
У оилавий альбомни аста варақлаб, ўзининг севимли суратларидан бирини кўрсатади: «Бу мен, бу ерда ҳали жуда кичкинаман... Менимча, ёшим саккизда эди, қўғирчоғим учун соч турмагини қиляпман», дейди.
Орадан 30 йил ўтиб, Зийнегул икки фарзанднинг онаси, Қорақалпоғистон Республикаси шимолидаги 22 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Бўзатов туманидаги гўзаллик салони бошқарувчиси бўлди.
БМТнинг қўшма дастури Қорақалпоғистон Республикасидаги Оролбўйининг эҳтиёжманд аҳолисига иқтисодий, ижтимоий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилишда кўмак бериб келади.
Орол денгизининг қуриши Оролбўйи минтақасида аҳолининг санитария ҳолати ёмонлашиши ва сифатли ичимлик суви танқислиги каби глобал характердаги экологик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларни келтириб чиқарди.
Соғлиқни сақлаш органлари маълумотига кўра, ушбу минтақада тиббий кўрик пайтида текширилаётган аҳолининг 60-70 фоизида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) саломатлик ҳолатида маълум муаммолар аниқлангани бежиз эмас. 2003-2019 йилларда Қорақалпоғистонда қон айланиш тизими касалликлари 123 фоиз, нафас йўллари касалликлари 93 фоизга ошган.
Ўтган йил мартда Зийнегул Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларидан уч юз нафар хотин-қиз билан бирга UNFPA бизнес-тренерлари кўмагида тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бизнес юритиш бўйича малакавий курсда ўқитилди.
– Бу менга ва мен каби кўплаб аёлларга ўзига бўлган ишончни ошириш, бизнес соҳасида керакли кўникмаларни эгаллашга ёрдам берадиган қизиқарли ва самарали тренинг. Ўқув жараёнида кўплаб янги дўстлар орттирдим, энг муҳими, биз энди ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватлаб борамиз, – дейди Зийнегул.
Бизнес-тренинг якунида Қорақалпоғистонда аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида келгусида молиялаштириладиган энг қизиқарли ўн бир бизнес лойиҳа танлаб олинган. БМТ Тараққиёт дастури Зийнегул бошқарадиган гўзаллик салонига бешта ойна, бешта ўриндиқ, соч ювадиган махсус мослама ва бошқа керакли воситалар тақдим этган.
– Менга қўнғироқ қилиб, бизнес-режам молиялаштириш учун танлангани ҳақида хабар беришди, – дейди Зийнегул. – Тақдим этилган асбоб-ускуналар кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш ва яхшилаш, янада кўпроқ мижозларни жалб қилиш, қўшимча ходимларни ёллашда катта ёрдам берди.
– 15 йил олдин биринчи марта гўзаллик салонида ишимни шогирд сифатида бошлаганман. Кўп қийналдим. Бир вақтнинг ўзида ишлаш ва ўрганиш керак эди. Ҳар доим биз истагандек бўлмайди, баъзан ҳаммасидан воз кечмоқчи бўлардим, лекин барибир таслим бўлмадим. Ўз устимда қаттиқ ишлашда давом этдим, турмуш ўртоғим кўп жиҳатдан мени қўллаб-қувватлади, – дея эслайди у.
Ҳозирда Зийнегул билан бирга яна икки нафар қиз салонда доимий ишлаяпти. Тўрт нафар шогирди иш ўрганяпти. Мақола қаҳрамони эришган ютуқлари билан тўхтаб қолиш ниятида эмас. У бизнесини янада кенгайтириб, ҳудудда истиқомат қилаётган хотин-қизларни иш билан таъминлашни истайди.
Зийнегул ҳар бир мижозни салоннинг энг муҳим меҳмонларидан деб билади. У охирги мижозини кузатиб, уйга шошади, уни турмуш ўртоғи, икки нафар фарзанди кутади.
– Кечки пайтда қиладиган ҳар кунлик ишим, бу — қизим билан қўғирчоқ ўйнаш, ўғлимга эртак ўқиб бериш, турмуш ўртоғимга Аллоҳ инъом этган яна бир бахтли куним қандай ўтгани ҳақида гапириб бериш, – дейди оила маликаси.
Бугун хотин-қизларимиз фарзанд тарбиясида, турли соҳаларда, маҳаллаларда фидойилик кўрсатмоқда. Уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса юрт фаровонлигининг гаровидир. Хулоса шуки, улуғ инсонларни дунёга келтириб тарбиялаган, буюк ишларга руҳлантирган фозила аёллар ҳамиша эътиборда.
БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумотлари асосида тайёрланди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА