Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш қуввати 178 минг тоннага етказилади
11:20 / 2023-01-25

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифинг “Энергия тежамкор иссиқлик сақловчи қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳалари” мавзусига бағишланди.

Унда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов ҳозирги кунда бутун дунёда бино ва иншоотлар инновацион, янги турдаги  қурилиш материалларини қўллаш орқали сифатли, ҳар томонлама қулай, энергия тежамкор тарзда бунёд этилаётгани ва мамлакатимизда ҳам бу борада дунё тажрибаси қўлланилаётганини таъкидлади.  

–Республикамизда иссиқлик сақловчи материалнинг уч хили, яъни базальт тоши, шиша момиғи ва пеноплекс турларидан кенг фойдаланилади, – деди Ж.Шерметов. –Ушбу қурилиш материалларига бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2016 йилда мамлакатимизда 17 минг тонна иссиқлик сақловчи қурилиш материали ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 43 минг тоннани ташкил этди. Эътиборлиси, қўшни давлатларда ҳам ушбу маҳсулотга бўлган талаб ортган. Маълумотларга кўра, 2022 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига жами 12,4 миллион долларлик иссиқик сақловчи қурилиш материаллари экспорт қилинган.  

Юртимизда 3 та базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 83 минг тоннани ташкил этади. Мазкур йўналишда энг йирик саноат корхонаси Жиззах вилоятида жойлашган ва унинг йиллик қуввати 35 минг тоннага тенг. Нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорини энергия тежамкор базальт хомашёсидан иссиқлик сақловчи плиталар билан таъминлаш, ушбу йўналишда янги саноат корхоналарини барпо этиш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида кўплаб йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.  

Ўз навбатида, энергия тежамкор иссиқлик сақловчи қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳим вазифалардан. Шундан келиб чиқиб, 2022 йилда Тошкент шаҳрида йилига 30 минг тонна базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фойдаланишга топширилди.  

2023–2024 йилларда уюшма масъуллигида базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 63,1 миллион доллар бўлган 3 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.  

–Ушбу лойиҳалар Андижон, Навоий ва Жиззах вилоятларида амалга оширилади. Мазкур инвестиция лойиҳалари ишга туширилгач йилига 95 минг тонна қўшимча қувват яратилади. Хусусан, Андижон вилоятида “Everest Metal Grand” МЧЖ томонидан йилига 20 минг тонна базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, Навоий вилоятида йиллик қуввати 30 минг тонна бўлган "Petrowool" МЧЖ инвестиция лойиҳаси амалга оширилса, Жиззах вилоятида "Basalt Wool" МЧЖ томонидан қўшимча йилига 45 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини яратириш лойиҳаси ишга туширилади. Натижада корхонанинг жами йиллик ишлаб чиқариш қуввати 80 минг тоннага етказилади, – деди мутахассис.  

Шунингдек, тадбирда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш қуввати 178  минг тоннага етказилиши алоҳида қайд этилди.  

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,  

ЎзА