Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрутга ҳужумда яна 22 киши ҳалок бўлди
11:40 / 2024-10-11

Эрон ўзига бериладиган жавоб зарбасини кутаётган бир пайтда Исроил Ливанни бомбардимон қилишда давом этмоқда. Қурбонлар билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, бугун тунда пойтахтга уюштирилган ҳужум натижасида камида 22 инсон ҳалок бўлди, 117 киши яраланди.

Жангарилар гуруҳидаги манбага кўра, Ҳизбуллоҳнинг юқори мартабали амалдори Вофиқ Сафо омон қолган. Ҳаракат вакили ва Исроил матбуотидаги хабарда у асосий нишон бўлгани айтилган.

Сафо гуруҳнинг алоқа бўлимига раҳбарлик қилувчи сиёсий амалдор бўлиб, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ички ва халқаро ишларни бошқариш билан шуғулланади.

БМТ тинчликпарвар кучларининг Ливандаги икки вакили Исроил танклари отишмасидан жароҳат олган. Бу ҳақда тузилмадан маълум қилишди.

Кеча Хавфсизлик Кенгаши брифингида Бош котибнинг тинчлик амалиёти бўйича ўринбосари Локруҳ Ливан жанубида БМТ “тинчликпарварларини жиддий хавф остига қўювчи “жиддий хавотирли” вазият” юзага келганини таъкидлаган.

Исроил ҳарбийлари эса Ҳизбуллоҳни Ливан жанубидаги БМТ тинчликпарвар кучлари манзилларига яқин жойлашишда айбламоқда.

БМТ матбуот котиби ўринбосари Фарҳон Ҳақ Индонезиядан келган икки тинчликпарвар ҳамон касалхонада экани, уларнинг жароҳати жиддий эмаслигини билдирган.

Охирги ҳодиса бир неча давлат, жумладан БМТнинг Ливандаги тинчликпарвар миссияси таркибида ҳарбийлари бўлган Франция ва Ирландия томонидан қораланди.

Хусусан, Франция ҳужумдан сўнг “чуқур ташвиш”ини изҳор қилиб, “Исроил расмийларидан изоҳ кутаётгани” қўшимча қилди.

Рим расмийлари мамлакатдаги Исроил элчисини чақириб, Италия базаларига зарба берилгани ва бу ҳаракат “қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” эканини таъкидлади.

Бундан ташқари Қизил Ярим ой жамияти Ғазо марказидаги мактабга берилган зарба оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Исроил ҳарбийлари эса бино ичида фаолият юритаётган террорчилар нишонга олганини айтган.

Дарвоқе, Исроил хавфсизлик маҳкамаси Эроннинг баллистик ракета ҳужумига жавоб бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ яҳудий давлати мудофаа вазири Ёав Галлант жавоб зарбаси “кучли, аниқ ва энг муҳими – ҳайратланарли” бўлишини иддао қилганди.

Президент Жо Байден исроиллик ҳамкасби Биньямин Нетаньяху билан тўғридан-тўғри 30 дақиқалик телефон суҳбати ўтказди, бироқ Оқ уй Эронга режалаштирилган жавоб ҳақида ҳали ҳеч қандай маълумот бермади.

Мусулмон Зиё, ЎзА