Ватан довруғини дунёга тараннум этиш ҳар томонлама салоҳиятли спортчиларнинг олий мақсади. Бугун бундай шарафга эришган, жаҳон майдонларида жонажон юртимиз шуҳратига шуҳрат қўшган, Ўзбекистоннинг бетимсол байроғини дунё узра сарбаланд этган спортчиларимиз жуда кўп ва улар сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда.
Ўтаётган 2023 йилнинг мураккабликларига қарамасдан мамлакатимиз спортчилари юзлаб халқаро мусобақаларда, ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатларида иштирок этиб, Ўзбекистон байроғини дунё спорт майдонларида юксалтирди.
Ҳақиқатан, спортчиларимизнинг ғалабаси шарафига кўтариладиган Ўзбекистон байроғи ғурурмиз тимсолидир. Бугун бу ифтихор миллий спортимиз курашнинг либоси сифатида дунё курашчиларини бирлаштириб турибди.

Бугун дунёнинг қайси бир ҳудудида мамлакат ёки қитъа чемпионати ва ёки Осиё ўйинлари бўладими, қўйинки, ҳар қандай кураш мусобақасида спортчилар кураш яктагида, яъни байроғимиздан жило олган спорт либосларида беллашишади, майдон айланади.
Олис Доминикандан тортиб, Ҳиндистон, Франция ёки Африка давлатларида ўтказилаётган кураш мусобақалари айнан Ўзбекистон байроғидан жило олган яктакларида ўтказилаётганини ҳамда бугун дунёнинг 130 дан ошиқ давлатларида кураш федерациялари фаолият юритаётганини эътиборга олсак, улар учун ҳам Ўзбекистон байроғи қанчалик аҳамиятли эканлигини кўришимиз мумкин.

Курашнинг дунё спортига айланганлиги, жаҳоннинг 15 миллиондан ошиқ ёшлари бугун миллий спортимиз кураш билан шуғулланаётганлиги бетимсол ҳур байроғимизнинг қадри ва қудрати икки юздан ортиқ давлатларнинг рамзлари орасида нечоғли юксаклигидан далолатдир.
Ишонамизки, спортчиларимизнинг ғалабалари шарафига ҳилпираётган Ўзбекистон байроғи келажакда кураш Олимпия ўйинларидан жой олганда дунё ёшларининг эгнида бунданда ёрқинроқ жилоланса, не тонг.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА