18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун
Давлатимиз рамзи – байроғимиз ғурур ва фахримиз, халқимизнинг мустақиллиги, тинчлик ва озодлиги тимсоли ҳисобланади. Шу боис, байроғимизни ҳар доим асрашимиз, кўзимизга суртишимиз, топталишига йўл қўймаслигимиз лозим.
Кези келганда байроқ билан боғлиқ икки йил олдин кўтарган таклифимни яна кўтармоқчи эдим. Ўзгараётган Ўзбекистонда байроқ билан боғлиқ тартиблар ҳам ўзгариши лозим, деб ҳисоблайман.
«Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунда байроғимиз билан боғлиқ чекловлар ҳамон сақланиб турибди. Байроқдан асосан давлат идоралари ва раҳбарлар хизмат вақтида фойдаланиши белгиланган.
Бироқ аксарият хорижий давлатларда фуқароларга ҳам байроқдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Хоҳласа кўчада кўтариб юриши, уйига осиб қўйиши, машинасига илдириб қўйиши мумкин. Агар бизда ҳам шундай ҳуқуқлар берилса, халқимизнинг, ёшларимизнинг байроғимизга бўлган ҳурмати, муҳаббати янада ошар эди.
Тўғри, ҳозир ҳам шундай қилишимизга ҳеч ким қаршилик қилмайди. Шундай қилиняпти ҳам. Аммо бу қонунан мумкин эмас. Лекин хоҳиш-истак ва талаб бор бўлса, нима учун қонунга ўзгартиш киритиш мумкин эмас?
Яна бир таклиф: байроғимиз қабул қилинган кунни ҳам ишланмайдиган байрамлар қаторига киритиш лозим. Бу сана, яъни байроғимиз давлатимиз, дунёда ўзбек деган халқ борлигини кўрсатиб туради. Қолаверса, бу ҳам байроғимизга бўлган қадр-қимматни оширади.
Албатта, ҳар қандай шароитда байроғимизнинг қадр-қимматига путур етмаслиги, топталмаслиги, нуфузига дахл қилинмаслиги лозим. Бу борадаги жавобгарлик янада кучайтирилиши тарафдориман.
Ҳар қадамда байроғимиз ҳилпираб турсин. У орқали давлатимизнинг кучини, қудратини ҳис қилиб яшайлик!
Жаҳонгир ЗИЯЕВ,
депутат