ЎзА мухбири футбол бўйича Жаҳон чемпионати баҳсларини бевосита Қатарда томоша қилиш, чемпионат ўйинлари жараёнида минглаб футбол мухлислари даврасида Ватан байроғини юксалтиришни мақсад қилган Ўзбекистон спорт фанатларининг сардори Абдураҳмон Фозилов билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги қўллаб-қувватлаши билан Қатарга йўл олдик. Мақсад футбол майдонларида ватанимиз байроғини юксалтириш ҳамда жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилиш учун дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келаётган сайёҳларга мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини янада ёрқинроқ намойиш этиш, – деди Абдураҳмон Фозилов.

– Бундан 8 кун муқаддам Қатар сари йўлга чиққан эдингиз. Қайси шаҳар ва ҳудудларда бўлдингизлар?
– Айтганимдек, ташкилотчилар ҳамда ватанпарвар инсонлар кўмагида Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган иккита автомашинада 6 нафар киши йўлга чиқдик. Бугунгача мамлакатимизнинг Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хива, Нукус шаҳарларидан ўтиб, Қозоғистон кенгликлари, Озарбайжоннинг Баку, Эроннинг Теҳрон, Исфахон, Бандар Аббос, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай каби шаҳар ва манзилларда бўлдик. Айниқса, Озарбайжон пойтахти Бокуда бизни жуда илиқ кутиб олишди. Айни пайтда Қатарга анча яқинлашиб қолдик.

– Йўл чарчоғи қийнамаяптими?
– Машаққатсиз мақсадга эришиб бўлмайди. Албатта, ўзига яраша қийинчиликлар бўлмоқда. Аммо, футбол бўйича кучли жамоалар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатида ватанимиз номини улуғлашдек туйғу кўнгилга ажиб таскин бериб турибди.
– Жаҳон чемпионати ўйинларини бевосита стадионда туриб кузатадиган ўзбекистонлик футбол фанатлари қанчани ташкил этиши бўйича аниқ маълумотлар борми?
– Бу масалада бирон фикр айта олмайман. Чунки, чемпионатга мамлакатимиздан футбол мухлисларини юбориш, уларнинг виза ва чипта масалаларини ҳал этиш бўйича бир қатор фирмалар шуғулланди.

– Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш қилиш учун нималарга эътибор қаратасизлар?
– Энг аввало миллий қадриятларимизга хос анжомларни, Ўзбекистон байроқларини ўзимиз билан олганмиз. Шунингдек, Қатарда ўйинлар жараёнида мухлисларга тарқатиш учун юртимиз ҳақида буклетлар, китобчалар ва турли совға-саломлар олиб келяпмиз.
Қатаргача бўлган масофани 14 кунда босиб ўтишни мақсад қилганмиз. Қайтиш 7 кунга белгиланган. Жаҳон чемпионати ўйинлари билан ҳисоблаганда сафаримиз 55 кунни ташкил этади.
– Ватан байроғи деганда нимани ҳис қиласиз?
– Қалбида ватанига, халқига меҳри бўлмаган инсонни байроғи ҳам бўлмайди. Ўзбекистон байроғи бу, бизнинг ғурур-ифтихоримиз. Ҳар қандай инсон ўз мамлакатига, унинг рамзларига чуқур эҳтиром билан қарайди. Биз спорт ишқибозларининг энг улуғ орзуси ватанимиз гуллаб-яшнасин, байроғимиз жаҳон спорт майдонларида абадул-абад мағрур ҳилпирасин.
ЎзА мухбири
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.