Юрт равнақи, давлат мустақиллиги ва тинчлиги тимсоли бўлган байроқ ҳар бир фуқаро, айниқса, ёш авлод қалбида ифтихор ва масъулият туйғусини уйғотади. Шу маънода мамлакатимизда миллий рамзларимизни ардоқлаш, ёшлар онгида Ватанга муҳаббатни мустаҳкамлаш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Андижон вилояти Булоқбоши туманида жойлашган ҳарбий қисм ҳамда Ширмонбулоқ қишлоғидаги 55-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчилари иштирокида “Байроғим – ғурурим” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда миллий байроқни ардоқлаш, унинг юзага келиш тарихи, давлат рамзларига бўлган ҳурматнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди. Ҳарбийлар ва ўқувчилар ўртасида очиқ мулоқот шаклида кечган суҳбат ёшларнинг қизғин иштирокида давом этди.
[gallery-26343]
– Бу тадбир ёшларда давлатимиз рамзларига нисбатан ҳурмат ва муҳаббатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, – дейди катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Расм танловида ҳарбийлар ва ўқувчиларнинг бир сафда иштирок этгани уларда ҳамжиҳатлик ҳамда Ватанга садоқат туйғусини кучайтирди.
Шунингдек, тадбир доирасида байроқ мавзусида расм чизиш бўйича кўрик-танлов ўтказилди. Унда ҳарбий хизматчилар ва ўқувчилар ўзининг ижодий маҳоратларини намойиш қилди.
Мазкур танловда Қашқадарё вилоятидан келиб, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келаётган Нурбек Раззоқов энг сара ижоди билан ажралиб турди ва иштирокчилар эътирофига сазовор бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари