Навоий шаҳрида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида “Байроқ эстафетаси” тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлигини намоён этади. Лекин дунёда бирорта рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга давлат байроғидек танита олмайди.

Байроқ – миллатни, халқни улуғ мақсадлар томон бошловчи олий машъаладир. У қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик, осойишталик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган.
Тадбир аввалида “Фарҳод” маданият саройи олдида бухоролик эстафетачилардан қабул қилиб олинган байроқ қизилтепаликлар номидан Навоий шаҳрига топширилди. Уни шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев қабул қилди.


Тадбирда иштирок этган ҳарбийлар, турли соҳа вакиллари, нуронийлар ва ёшлар ҳарбий оркестр ҳамда автокарвон ҳамроҳлигида байроғимизни ҳилпиратган ҳолда Ислом Каримов кўчаси бўйлаб ҳаракатланди.
– Давлат рамзлари ҳамиша улуғ ва муқаддас саналади, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Рустам Ҳайитов. – Буюк бобомиз Амир Темур ҳам давлат рамзларига жиддий эътибор қаратганини жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам, Ватани байроғини баланд тутиши кераклиги тўғрисида фармон берганидан билса бўлади. Айни дамда Ватан байроғи деганда, кўз олдимизда бутун бир мамлакатнинг тимсоли, жаҳоннинг сиёсий-ижтимоий харитасидаги қиёфаси гавдаланади. Бугунги кунда ҳам дунё мамлакатларидаги кўплаб элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида байроғимиз ҳилпираб турибди. Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари эса албатта қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради.


“Байроқ эстафетаси” тадбирлари Нурота тумани марказида жойлашган Чашма мажмуасида давом этди.
Эртага навоийлик эстафетачилар давлатимиз байроғини жиззахликларга тантанали равишда топширади.
Абдували Бўриев, ЎзА