Байроқ юртни бирлаштирувчи куч
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети 1-босқич талабалари учун 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан очиқ дарс ўтилди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети 1-босқич талабалари учун 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан очиқ дарс ўтилди.
Байроқ миллатларни ягона мақсад йўлида бирлаштиради, давлатчилик асоси саналади. Туғ атрофида ягона ҳудуд ва эътиқод пайдо бўлади. Шу боис ҳар бир давлат байроғи мамлакат фуқаролари фахри ва озодлик тимсолига айланган.
Очиқ дарсда таъкидланганидек, мустақил Ўзбекистонимиз байроғи қабул қилиниши жараёни икки ярим йил давом этган. Бир қанча вариантлар ичидан танлаб олинган байроғимиз бугун барчамиз учун юксак ифтихор рамзидир.
Ҳар бир фуқаро ўз давлати байроғи тарихи, у англатадиган рамзий маъноларни яхши билиши керак. Бизчи? Давлатимиз байроғи ҳақида биламизми, унинг фалсафий маъносидан хабардормизми? Афсуски, айрим фуқароларимиз байроғимиз маъносини тўлиқ билмайди. Ҳатто баъзан миллий ифтихоримиз рамзига нисбатан беписандлик ва ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш ҳоллари ҳам учраб туради.
Талабалар байроғимизга нисбатан бундай ҳурматсизликни кескин қоралаб, давлат рамзларига ҳурмат руҳини шакллантиришни оиладан бошлаш кераклигини таъкидлади. Зеро, аввало ҳар бир ота-она миллий рамзларимиз ҳақида яхши билиши, улар ҳақида оила даврасида бот-бот суҳбат қуриб, фарзандларида ватанпарварлик туйғусини юксалтириши керак. Сўнгра мактабгача ва ундан кейинги таълим жараёнида ҳам давлатимиз рамзлари ҳақида кенгроқ тушунча бериш тизимини фаоллаштириш мақсадга мувофиқ.
“Байроқ юртни бирлаштирувчи куч” мавзуида ўтган очиқ дарсда талабалар шу каби фикрларни билдирди, ўзларининг қалбида ҳам давлат рамзларига ҳурмат ҳиссини янада мустаҳкамлаб олди.