Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байроғимиз - фахримиз, ғуруримиз
08:00 / 2019-11-17

1991 йил 18 ноябрь биз – Ўзбекистон фуқаролари учун қадрли ва унутилмас кунлардан биридир. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII Сессиясида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 


1991 йил 18 ноябрь биз – Ўзбекистон фуқаролари учун қадрли ва унутилмас кунлардан биридир. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII Сессиясида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 

1992 йил 2 мартда яна бир муҳим воқеанинг гувоҳи бўлдик. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Бугун у давлатимиз мустақиллигининг жаҳоний ифодаси, халқимиз ғурури, ифтихори, орзу-умидининг рамзи бўлиб ҳилпираб турибди. 

Ватан тимсоллари, давлатимиз рамзларига, агар кўнгил кўзи билан қарасак, уларнинг ҳар бири ўзига хос мактаб, алоҳида китоб эканини англаймиз. Хўш, уни ким ўқий олади? Ким бу рамзлар моҳиятидаги эзгу ниятларни теран англай олади? Албатта, биринчи галда ўз Ватанини чин дилдан севган, ўз халқини ардоқлашга қодир, тақдирини юрти тақдири билан чамбарчас боғлиқ кўра оладиган инсонлар уларни ўқийди, англайди. Ватанимиз байроғи, у билан боғлиқ туйғулар, таъсирчан лаҳзалар ҳақида беихтиёр кўз олдимга Сиднейда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари келаверади. Ана Муҳаммадқодир Абдуллаев олимпиада ғолиби деб эълон қилинди. Ринг ичида Ўзбекистон байроғини кўтариб мағрур ва масрур давра айланмоқда. Ғолиб шарафига Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси жаранглаб, бошқа икки давлат байроғининг ўртасида, улардан юқорида бизнинг байроғимиз кўтарилмоқда. Муҳаммадқодир қўлидаги байроқни маҳкам бағрига босганча мағрур турибди. Кўзларида севинч ёшлари...
Танимни ёқимли титроқ чулғайди, кўзларимга ёш қалқийди. Бу ҳолни тушунтириб, ифодалаб бериш қийин. Лекин аминманки, бу туйғу нима эканини Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар бир инсон яхши англайди, юракдан туяди.
Шуни фахр билан айтамизки, ўтган йиллар давомида қанчадан-қанча спортчиларимиз Олимпиада ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юзлаб марта Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга эришдилар. Ҳа, байроқ кишига ана шундай ғурур ва ифтихор бағишлайди. 
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлиб, унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоямиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-мақсад ва интилишларимиз, ор-номусимиз ва ғуруримиз акс этган. 

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи республика давлат суверенитетининг рамзидир”. Қонуннинг 3-моддасида айтилганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда: Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади”.
Дунёда давлат байроқлари кўп, лекин улар ичида Ўзбекистон байроғи энг кўркам ва чиройлисидир. Негаки, у қалбимиз, руҳимизга туташдир. Унда олам-олам маънолар мужассам. Байроқдаги навқирон ярим ой тасвири миллий-тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам саналади.12 юлдуз тасвирида ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши ифода этилган. Ундаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзидир. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда бўлган. Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб, поклик, беғуборлик, софлик, орзу ва хаёллар тозалиги ва ички гўзалликка интилишни намоён этади. Яшил ранг – ўзида табиатнинг янгиланишини ифода этади. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар эса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатиб туради.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган кунни маълум маънода байрам қилиш анъанага айланди. 

Бу йил эса бу байрам мамлакатимизда ўзгача бир юксак кўтаринкилик, ғурур ва ифтихор билан нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг кўпдан кўп давлатларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан ҳам энг катта миллий байрамлардан бири сифатида нишонланмоқда. Айниқса, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, ваколатхоналари томонидан ҳам байрам муносиб тарзда кутиб олинмоқда. Назаримизда, у бу йилга келиб чинакам маънода ўзининг юксак мақомига кўтарилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, дунёдаги давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга юксак эҳтиром, ўзбек халқига чексиз ҳурмат тимсоли сифатида Давлат байроғининг эъзозланишида намоён бўлмоқда. Менимча, Президентимизнинг 2019 йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи шарафига дунёдаги энг баланд бино ҳисобланган Дубай шаҳридаги Бурж Ал-Халифа ҳамда бошқа осмонўпар иншоотларда замаонавий чироқлар ёрдамида Ўзбекистон байроғи тимсолининг ифодаланишини ҳеч бир ватандошимиз ҳаяжон ва ғурурсиз томоша қилмаган бўлса керак. 

Давлатчилигимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, доимо миллат рамзлари, ватан тимсоллари энг азиз ва муқаддас қадрият сифатида эъзозланганига гувоҳ бўламиз. Туғ – байроқни асрашга миллат, халқ, давлатнинг ор-номусини асраш қадар юксак қаралган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам давлат байроғи жуда катта аҳамият касб этган. Муқаддас рамзлар, хусусан, туғ – байроқни асраб қолиш йўлида аждодларимиз, ҳатто, ўз жонидан ҳам кечганини кўрсатувчи талай мисоллар бор. Байроқ билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат шунда бўлганки, жангу жадалларда давлат байроғини энг ишончли баҳодирлар, паҳлавонлар қўриқлаган.

“Ким ўз юртини севмаса – у ҳеч қачон ҳеч нимани сева олмайди”, - дейдилар. Таъбир жоиз бўлса, бизнинг Она Ватанга, шу муқаддас тупроққа бўлган муҳаббатимиз миллий рамзларга бўлган муносабатимиз орқали ҳам шаклланади. 
Ўйлаб кўринг, нима учун байроқ доимо баланд туради. Бош узра ҳилпирайди? Негаки, у ўз пойида миллионларни бирлаштиради. У инсонга куч ва қудрат бахш этади. Мақсадни тарбиялайди, иродани тоблайди. Оғир жанг ҳолатларида у йиқилганни турғазади, қўрқувни жасоратга, заифни матонатли инсонга айлантира олади. Ўз навбатида ғурур билан байроқни кўтарган инсон минглаб қалбларга байроқ тика олади.

Бугун Ўзбекистон давлатимиз раҳбари илгари сурган “Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари” ғояси асосида тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди. Зеро, миллий ғоя ҳам халқ, миллат, бедор қалблар учун байроқ кабидир. Ўз миллий ғоясига эга бўлмаган инсон, жамият, давлат йўлини йўқотиб қўйиши, кўзлаган мақсадига етолмаслиги мумкин. Аслида байроқсиз қалб бўлмайди. Байроқсиз қалбга ўзгалар ўз байроғини тикишга ҳаракат қилади. 

Падари бузрукворимиз - Отамиз суратини қандай эъзозлаймиз? Мунис Онамиз тасвирини-чи? Қани бирортаси ота-онамиз суратини йиртсин, беҳурмат қилсин-чи? Ватан тимсоли, озодлик рамзларини ҳам биз шу қадар муқаддас билиб асрашимиз керак.
Қонуннинг 13-моддасида айтилганидек, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг байроғини ҳурмат қилишлари шарт. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини беҳурмат қилганлик Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда жазоланади”.

Дунёда шундай жиноят борки, уни ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу Ватанга хиёнатдир. Қандай одамлардан хиёнатчи чиқади? Албатта, кўнглида ўз юртининг байроғи йўқ кимсалардан! Байроққа хиёнат инсоннинг ўзлигига, томирида оқаётган қонга, аждодлар руҳига хиёнатдир. 

Яна тарихий манбаларни варақлаймиз: “Жалолиддин Мангуберди ўзидан сон жиҳатдан устун мўғуллар қуршовини ёриб чиқиб от билан ўзини дарёга ташлайди. Бир қўлида от тизгини, бир қўлида юрт байроғи! Шунда Чингизхон ношуд ўғилларига қарата ўкинч билан шундай дейди: “Фақат бахтли отагина шундай ўғилга эга бўлади!”

“Мўғуллар Гуржанчни қамал қилдилар. Гарчи Чингизхон бир неча маротаба 76 ёшли шайхга элчи юбориб, унинг саломат қолишига кафолат бериб қалъани тарк этишга даъват этса-да, Нажмиддин Кубро “киндик қоним тўкилган, менга меҳр-муҳаббат кўрсатган Ватаним учун курашиб ўлиш ҳуқуқини мендан ҳеч ким тортиб ололмайди”, дея бу таклифни рад этади. У Ватан байроғини баланд кўтариш баробарида ўзи ҳам байроққа айланади. Ватан ишқи, озодлиги йўлидаги инсоний бурч умрида ҳатто ўнлик лашкарни ҳам бошқариб кўрмаган буюк олим, донишманд Нажмиддин Куброни мўғулларга қарши қаҳрамонона жангга отланган қўрқмас қўмондон, мард жангчига айлантиради. “Ё Ватан, ё шарафли ўлим!” дея элга бош бўлиб шаҳар мудофаасини ташкил этишга отланади.

Бу жанг она Ватанимиз тарихидаги энг шонли, шунингдек, энг фожиали саҳифалардан бири бўлди. Шайх бошчилигидаги мудофаачилар Ватаннинг юраги бўлмиш Гурганж ҳимоясини ор-номус ҳимояси, деб биладилар. Бундай туйғу барча лашкарни қамраб олади. Натижада, ҳар бир курашаётган жангчи, мудофаадаги халқ, каттаю кичик Ватан учун курашиб ўлишни фахр ва шараф деб хисоблайдиган руҳан енгилмас кучга айланади. Ўлимни мардона қарши олиш, ундан қўрқмаслик ҳақидаги улуғ шайхнинг даъвати мўғуллар бераётган қурбонлар сонини кескин ошириб юборади. Шайхнинг даъвати мудофаачилар қалбидаги ўлим ва мардлик тушунчаларини уйғунлаштириб юборади. Шаҳарда тирик жон борки, мудофаачига айланди. Шайх душман байроғига чанг солганча ҳалок бўлади”.

Таъбир жоиз бўлса, ўша пайтда Нажмиддин Кубро учун давлати, замини, халқи бир байроқ эди...

Ҳарбий хизматчиларнинг Ватан байроғи пойида тиз чўкиб, муқаддас Она тупроғини матонат ва садоқат билан ҳимоя қилишга қасамёд қилиши бежиз эмас. Байроқ жасорат, ғурур, фидойилик, ор-номус мактабидир.

Аслида Ватан байроғи пойида тиз чўкиш, уни кўзга суртиб тўтиё қилиш, ҳар қандай оғир вазиятда ҳам уни баланд кўтариш, асло қўлдан қўймаслик, жон тикиб бўлса ҳам асрашликка онт ичмоқдир.

Байроқ олдида қасамёд, байроқ олдида тиз чўкиб уни ўпмоқ, бу – Ватанга эъзоз, бу Широқ, Тўмарис, Маҳмуд Торобий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, саркарда Алимқул каби ватанпарвар ва енгилмас аждодлар руҳига эъзоздир!

Асл ватанпарварлар байроқни эъзозлаш орқали бурч поғонасидан шараф шоҳсупасига кўтариладилар. 

Бугун Ватанимиз байроғи озод юрт узра ҳилпираб турибди. У бизни юртимиз тинчлиги, ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириб, мамлакатимиз мустақиллигини ҳамиша кўз қорачиғидай асрашга, буюк аждодларга муносиб ворис бўлишга, юксак ишонч ва қатъият билан келажакка қадам ташлашга даъват этиб турибди. Давлат рамзлари – байроқ, герб, мадҳиямизда буюк ўтмиш ва юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва келажак сари интилишлари мужассамдир. Мана шу рамзларни эъзозлаш орқали биз ўз қадр-қимматини, ўз мамлакатимиз истиқболи, демакки ўзимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз. Ўз мамлакати билан фахрланадиган инсон эса ҳамиша миллатга саодат бахш этадиган улуғ ишларга қодир бўлади. 

Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбари