Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз!
Мамлакатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Бухоро вилоятида ҳам байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Бухоро вилоятида ҳам байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини азиз ва муқаддас биламиз. Байроқда халқимизнинг узоқ даврларга бориб тақаладиган бобомерос анъаналари, орзу-умидлари, олижаноблик, мардлик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби миллий қадриятлари мужассам. Ўзбекнинг ўзлиги ифодаланган.
Байроғимиз тантанали маросимларда, спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларида эришган зафарлари шарафига баланд кўтарилади. Давлат идоралари биноси пештоқларида мудом ҳилпираб туради. Миллийлигимиз каби беназир байроғимиз қабул қилинган кун тантанали нишонланиши ҳам фахр ва ғурур туйғулари билан уйғун.
Бу сана Бухоро вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда. 18 ноябрь куни эрталаб Бухоро шаҳрида давлатимиз байроғи шарафига тантанали маросим ўтказилди. Ҳарбий отлиқлар, Миллий гвардия аскарлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳудудий спорт-техника клублари, талаба ва ўқувчилар, спортчи ёшлар велосипедчилар иштирокидаги марш қадимий Арк қаъласидан бошланди. Давлат байроқларига бурканган ва ҳарбий оркестрнинг тантанавор садолари остида ўтган марш унинг қатнашчилари ва тадбирни кузатган минглаб бухороликлар қалбида чексиз ғурур туйғуларини уйғотди.
Байрамона юриш иштирокчилари шаҳарнинг тарихий қисми бўйлаб Абу Али ибн Сино номли Фавворалар майдонида жамланди. Катта майдонда баланд флагштокда ўрнатилган ва ҳилпираб турган улкан байроқ остида тантанали маросим бўлиб ўтди.
Шундан сўнг тантанали маросим Фавворалар майдонига туташ ҳудудда жойлашган вилоят Ёшлар маркази олд майдонида давом эттирилди. Бу ерда кенг дастурдаги маданий тадбир бошланди. Шоир ва ёзувчилар чиқишларида Ватан, унинг давлат байроғи шарафланди. Вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари дил сўзларини айтишди. Бухоро давлат университети қошида ташкил этилган Япон марказида фаолият кўрсатаётган Кунчиқар мамлакат фуқароси Саки Судзуки миллий байроғимиз ҳақида ўзбек тилида шеър ўқигани ҳам эътиборни тортди.
Ҳарбий оркестр, бадиий жамоалар ва эстрада хонандаларнинг чиқишлари байрамга алоҳида файз бағишлади.
– Давлат байроғимиз қабул қилинган кунга бағишланган тадбирлар биз, ёшлар учун катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлди, – деди Бухоро шаҳридаги енгил саноат ва педагогика касб-ҳунар коллежи битирувчи босқич ўқувчиси Илҳомжон Аҳадов. – У ҳар биримизни Ватан туйғусини англаб етишга, юртга муносиб фарзанд бўлишга ундайди.
Таъкидлаш керак, Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб вилоят туман ва шаҳарларида турли маърифий тадбирлар, “Давлатим байроғи – менинг ғурурим!” мавзусида олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида иншолар танловлари ҳам ўтказилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.