Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами арафасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Андижон шаҳри ҳамда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Андижон шаҳридаги 14 та маҳалла гузари ҳамда туман, шаҳар марказларида иш бошлаган савдо ярмаркалари расталаридан “Андижон вилоят бозорлари ва савдо мажмуалари” уюшмаси, “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари, савдо ташкилотлари маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган мева-сабзавотлар, озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари ўрин олган.
– Маҳалламиз гузарида ташкил этилган ярмаркада 50 га яқин турдаги қишлоқ хўжалиги, полиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ва сабзавотлар сотилмоқда, – дейди Андижон шаҳридаги “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, меҳнат фахрийси Қаҳрамонжон Умрзоқов. – Айниқса, мол, товуқ гўшти, балиқ ҳамда тухум бозорга нисбатан арзон нархларда сотилаётганлигидан хурсандмиз.
Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилганлиги юртдошларимизга манзур бўлмоқда.
[gallery-18948]
Халқимизнинг энг азиз, энг улуғ айёми – Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА