Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрамолди савдо ярмаркалари харидорлар билан гавжум
13:01 / 2019-12-25

Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари фаолият бошлади.


Мамлакатимизда байрамлар арафасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этиш анъанага айланган. Айни пайтда жойларда Янги йил байрами муносабати билан савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари фаолият бошлади.

Хонқа туманидаги деҳқон бозори олдида ташкил этилган ярмаркада 15 дан ортиқ фермер хўжалиги ва тадбиркорлар учун алоҳида расталар ажратилган бўлиб, бу ерда қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар, деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотлари билан аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Байрамолди ярмаркаларда маҳсулотлар нархининг бозорга нисбатан арзонлиги аҳолига манзур бўлмоқда.

– Савдо ярмаркасида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлиги қувонарли, – дейди Хонқа тумани Гулғунча маҳалласида яшовчи Муҳайё Ражабова. – Одатда байрамлар арафасида аҳолининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаби ортади. Бундай ярмаркалар бозордаги мўл-кўлликка, байрам дастурхони тўкинлигига хизмат қилади.

Маҳаллий ҳокимликлар тегишли ташкилотлар билан биргаликда ташкил этаётган бундай савдо ярмаркаларида маҳсулот нархларини бир хил ушлаб туришга, аҳолига қулай савдо шароитини яратишга ҳамда тўловни пластик карточкалар орқали ҳам амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бозорни узлуксиз маҳсулотлар билан таъминлаш учун таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари бириктирилган. Ҳар бир туман учун ажратилган савдо расталарига маҳсулотлар пешма-пеш етказиб берилаётир. Бозорга киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертизаси лабораториялари ходимлари томонидан текширувдан ўтказилгач, сотишга рухсат берилмоқда.