Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрамга муносиб туҳфа
13:03 / 2025-10-20

21 октябрь  –  Ўзбек тили байрами куни

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, албатта, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон тақдирига бевосита дахлдор десак, янглишмаган бўламиз. Буни она тилимизга бўлган юксак эҳтиром, қолаверса, ўзбек тилига бўлган эътиборнинг ҳукуматимиз кун тартибига қўйилган бош масалаларидан бири эканлигида ҳам кўришимиз мумкин. 

Бухоро давлат университетининг Илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни  ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Н.Ғайбуллаева ва Ўзбек тилшунослиги ва журналистика кафедраси профессори М.Абузалова ҳамда докторантлар Д.Р.Собирова, Г.З.Бозорова яратилган дарсликлар ва монографияни университетнинг ахборот-ресурс марказига тақдим этди.

Дарсликлардан бири олий таълимнинг Лингвистика (ўзбек тили) мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган магистрантларга мўлжалланган “Психолингвистика” дарслиги бўлиб, мазкур дарслик психология ва лингвистика кесишмасида юзага келган психолингвистика фани юзасидан назарий маълумотларни ўз ичига олади. Қолаверса, мазкур дарслик республика миқёсида психолингвистика фани юзасидан ўзбек тилидаги дарсликларга талабнинг юқори эканлиги билан аҳамиятлидир.

Иккинчи дарслик “Ҳозирги ўзбек адабий тили” деб номланади. Мазкур дарсликда назарий маълумотлар ва амалий топшириқлар таълим йўналиши моҳиятидан келиб чиққан ҳолда берилган (“хорижий тилдаги матнларни ўзбек тилига ва, аксинча, ўзбек тилидаги матнларни хорижий тилга таржима қилинг” каби). Шунингдек, замонавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда ҳар бир мавзунинг сўнгида университетнинг YouTube саҳифасидан ўрин олган ҳозирги ўзбек адабий тили фанига оид видеодарсларга QR кодлар орқали ҳаволалар берилган.

Шу билан бирга, Д.Р.Собированинг “Самарали тиббий рекламаларни яратишнинг муҳим омиллари” номли монографияси ҳам тақдим этилди. Қайд этиш лозим, ҳар иккала дарслик ва монографияда Бухоро давлат университети докторантлари – Г.З.Бозорова, Д.Р.Собированинг олиб бораётган илмий тадқиқотлари натижалари ҳам ўз аксини топган. 

Мазкур дарсликлар Бухоро давлат университетининг 95 йиллиги ва ўзбек тили байрамининг 36 йиллигига мўжаз туҳфа бўла олади.

Зариф Комилов, ЎзА