Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрамга муносиб туҳфа
18:55 / 2025-08-27

Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги байрами арафасида Тупроққалъа туманидаги Чегарани қўриқлаш взводи ҳарбийларига қарашли ҳарбий қисм хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган янги тураржой фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Лойиҳа қиймати салкам 5 млрд сўм бўлган 9 та хонадондан иборат кўп қаватли тураржой, шунингдек, ушбу бинонинг 1-қаватида жойлашган 20 ўринли болалар боғчаси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига чинакам байрам совғаси бўлди. Ҳарбий хизматчиларга янги уй калитлари тантанали равишда топширилди. 

Тадбирда хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари давлат раҳбари томонидан уларга яратилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан жуда миннатдор эканликларини таъкидлаб ўтди.

[gallery-24995]

– Мустақиллигимиз арафасида фойдаланишга топширилган хизмат хонадонлари биз учун байрам совгаси бўлди, – дейди ҳарбий хизматчи Пўлат Умаров. – Оила аъзоларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий бош қўмондонига миннатдорчилигимиз чексиз. Ҳарбий хизматчилар учун берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шарт-шароитлар, чегара олди ҳудудларида замонавий лойиҳаларга асосланган зарур барча қулайликка эга хизмат уйлари биз учун эътиборнинг яққол далилидир. Давлатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиб, халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ўз жонимизни ҳам аямаймиз. 

Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг таклиф қилинганлар янги ва шинам уйларни қабул қилиб олган ҳарбий хизматчилар уйларига кириб, яратилган шароитлар билан танишди ҳамда уларга оилавий бахт ва омад тилади. 

Таъкидлаш лозим, шу муносабат билан ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун мактабгача таълим ташкилоти ҳам ташкил этилди.

– Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи. Боғчамиз 20 нафар бола учун мўжалланган,– дейди Покиза Ҳакимова.– Мен тарбиячи бўлиб ишга кирдим. Болажонларимиз учун бу ерда рус тили ва инглиз тили дарслари, чизмачилик, гимнастика тўгараклари ташкил этилган. Бундан ташкари, тўғри овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳарбий қисмимиз чегараолди ва туман марказидан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли фарзандларимизни олиб бориш имконияти йўқ эди. Мактабгача таълим ташкилотининг ҳарбий шаҳарчамизда фаолият бошлагани нафақат болалар, биз оналарни ҳам қувонтирди. 

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, шу каби замонавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар билан таъминланаётгани миллий армиямизнинг салоҳиятини ҳар томонлама оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари