Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрамга муносиб туҳфа
09:14 / 2022-12-28

Урганч давлат университети жамоаси бир вақтнинг ўзида иккита ўқув биноси, технопарк, талабалар турар жойи ва замонавий кутубхона очилишини катта хурсандчилик билан ўтказди.

Урганч давлат университети кимёвий технологиялар факультетининг ўқув биноси ва 800 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.

Талабалар турар жойида 200 та яшаш, 8 та маданий дам олиш, 4 та дарс тайёрлаш хоналари, 8 та ошхона, 8 та ювиниш хонаси мавжуд. Ўқув биносида эса кичик конференция зали, спорт зал, 10 та лаборатория хонаси, 18 та ўқув аудиторияси жойлашган.

– Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли шаҳридан келганман, – дейди талаба Наргиза Оллаберганова. – Уч йилдан буён шу олийгоҳда таҳсил оламан. Шу кунга қадар Урганч шаҳрининг турли бурчакларида ижарама-ижара яшаб юришимга тўғри келди. Бир хонали квартирада олтита қиз бирга турардик. Кечқурунлари қўрқиб кўчага чиқмасдик. Шароитлари ҳам оғир эди. Университет талабалар турар жойининг янги биносида бизга яратилган имкониятлар, шарт-шароитлардан жуда мамнунмиз. Қишлоқда ота-онамга ҳам расмлари, видеоларини мессенжер орқали жўнатдим. Улар ҳам қувонишди. Давлатимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрликни чуқур ҳис қилган ҳолда пухта билим олиб, ватанимиз учун хизмат қиладиган етук кадр бўлиб етишамиз.  

Янги бинолар очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда ёшларга, таълим соҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Факультет олимларининг илмий-инновацион кўргазмаси намойиш этилди.  

Меҳмонлар мазкур янги бино ўқув аудиториялари, лаборатория хоналари билан яқиндан танишди. Ҳозир факультетда “Озиқ-овқат хавфсизлиги”, “Ёғ-мой маҳсулотлари”, “Гўшт маҳсулотлари” ҳамда “Дон маҳсулотлари” лабораториялари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 42 турдаги лаборатория жиҳозлари сотиб олиниб, фойдаланишга топширилган. Ушбу лабораториялар ёш олимлар билан гавжум.

Мажмуада 2 сменада 2 мингга яқин талаба таҳсил олади. 850 талаба замонавий ётоқхонадан фойдаланади. Бинода 12 та ўқув ва илмий лабораториянинг жиҳозланиш даражаси халқаро стандартларга жавоб беради. Ўқув лаборатория ва илмий тадқиқотлар учун ускуналар 3,5 млн. долларлик маблағлар ҳисобидан Европа (Германия ва Швейцария) Осиё давлатларидан (Япония) келтирилди ва университет маблағлари ҳисобига 600 млн. сўмдан ортиқ реактивлар, кимёвий идишлар, бутловчилар билан таъминланди.

– Факультетда илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият соҳасига алоҳида эътибор қаратганмиз, – дейди техника фанлари доктори, профессор Мақсуд Жуманиёзов. –  Маҳаллий хом ашёлар асосида жаҳон стандартларига жавоб берадиган, бугунги кунда мамлакатимизга импорт бўлиб кираётган маҳсулотларнинг янги авлодини яратишга бел боғлаганмиз. Қувонарлиси шуки, яратилган кўплаб тажриба намуналаримизга Халқаро сифат менежменти талабларига мослиги ISO 9001 мувофиқлик сертификати олинди. Бу ўз навбатида экспорт салоҳияти кенгайишига, валюта захираларининг ошишига олиб келади. Бу билан мамлакатимиз ижтимоий ва иқтисодий ривожланишининг долзарб масалаларидан бири ҳал бўлади.

Хоразм Инновацион технопарки УрДУ томонидан яратилган илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш майдончаси ҳисобланади. Бу ерда олимлар ва ижодкор ёшларни илмий тадқиқот ишларининг натижалари синов тадқиқотларидан ўтади.

Амалий инновацион стартап ва тижоратлаштириш лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш учун молиялаштириш шароитлари яратилади. Ҳозирда бу ерда 3 та стартап лойиҳа фаолият юритиб, 1,5 млрд. сўмдан ортиқ илмий тадқиқот ишлари бажарилмоқда, – дейди технопарк директори  Забибулло Бобоев. – Шу билан бирга технопаркда инновацион маҳсулотлар ва университет эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ҳозирги кунда нон, қовунни қайта ишлаш, топинамбур мевасининг кукуни ва қуритилган маҳсулотлари, тикувчилик цехи фаолият юритиб, шу кунгача 1 млрд. сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳозирда технопарк ҳудудида 150 талаба-ёш иш билан таъминланган.

Шунингдек, университетда техника факультетининг 1600 ўринли ўқув биноси ва 250 ўринга мўлжалланган талабалар кутубхонаси ҳам фойдаланишга топширилди. Ўқув биноси 3 қаватли бўлиб, 1 ўқув-лаборатория биноси, мажлислар зали, спорт залларидан иборат. Бинода 33 та ўқув, 20 та лаборатория хонаси мавжуд.

Бу факультетда 10 та таълим йўналиши бўйича 2 минг нафардан ортиқ талабалар таҳсил олади. 4 та кафедрада 100 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боради. Автомобилсозлик, материалшунослик, энергетика, қурилиш ва архитектура соҳаларида илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Ушбу турдаги тадқиқотларнинг устуворлиги ишончли техник параметрларга эга замонавий лаборатория жиҳозларидан фойдаланиш ҳисобига ҳудудда оқсаётган илмий-техник тараққиётни ривожлантиришга қаратилган.

– Ислоҳотларнинг аксарияти таълим соҳасини ривожлантириш, сифатни оширишга қаратилган, – дейди Урганч давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев. – Бу борада қандай дастур ва режалар қабул қилинмасин, уларнинг барчасида келажагимиз бўлган ёшлар манфаатлари алоҳида ҳисобга олиняпти. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам асосий эътибор таълимни ривожлантириш ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Бу аввало, шиддат билан ўзгариб бораётган даврда рақобатбардош кадрларга бўлган талабнинг юқори эканини кўрсатади.  

30 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган Урганч давлат университетида капитал таъмирланган, замонавий Ахборот ресурс марказининг фойдаланишга топширилиши илм истаган ёшлар учун хазина манбаидир.  

250 ўринга мўлжалланган кутубхона Техника ва Филология факультети талабалари учун хизмат қилади. Умумий фонди 23 минг 873 адабиётдан иборат. Ахборот-ресурс марказида 2 та катта ўқув зали, компьютер хоналари, адабиётларни сақлаш фонди мавжуд.  

 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА