Носоз ҳолатга келиб қолганлиги учун ҳаракат тўхтатилган "М34" "Тошкент - Душанбе" автомобиль йўлининг 121 километридаги темир ва автомобиль йўллари устидан ўтган йўл ўтказгич қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур кўприк 1983 йилда қурилган ва охирги вақтларда унда кўпгина ёриқлар юзага келиб, фойдаланиш учун хавфли бўлиб қолган эди.
Фаол фуқаролар томонидан Президентимизнинг Сирдарёга ташрифи давомида кўприкни таъмирлаш юзасидан таклиф билдирилган эди. Шундан сўнг, Гулистонни шаҳар ва маҳалла қисмини ўзаро боғловчи ушбу кўприкда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси мутахассислари томонидан 81,7 миллиард сўмлик реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Кўприкнинг узунлиги 750 метр, эни эса 22 метрни ташкил этади. Ундаги икки тасмали автомобиль йўлида бир кунда 50 мингдан ортиқ транспорт ўтказиш имконияти мавжуд. Пиёдалар учун ҳам қулайликлар яратилди. Тунда кўприкда бемалол ҳаракатланишни таъминлаш учун 97 та электродиодли ёритгичлар ўрнатилди. Қурилиш ишларига юздан ортиқ техника ҳамда 200 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи ходимлар жалб қилинди.
Мустақиллик байрами арафасида буткул қайта қурилган кўприкнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Ўзбекистон Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев, қурувчилар, нуронийлар, ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун, аввал Гулистон шаҳри марказига йўл олган ҳайдовчилар асосан битта кўприкдан юришига тўғри келарди. Куннинг тиғиз вақтлари тирбандликлар бўларди. Янги кўприкнинг фойдаланишга топширилиши натижасида аҳолига катта қулайлик яратилади. Масофа, вақт, ёқилғи сарфи ҳам қисқаради.
Тадбир сўнггида кўприк қурилишида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ қурувчиларга совғалар топширилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА