Кейинги кунларда электр энергияси етказиб беришда узилишлар кузатилмаётган бўлса-да, Янги йилни нишонлашга ҳозирлик кўраётган юртдошларимиз кўнглида шу савол пайдо бўлаётгани ҳам табиий.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти байрам кунларида истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилгани, ёнғин хавфсизлиги тизимлари кўрикдан ўтказилгани, авариявий жиҳозлар ва материаллар захиралари яратилганлиги ҳамда тезкор бригадалар фаолияти йўлга қўйилганини маълум қилди.
Ушбу савол билан жамиятнинг Самарқанд вилояти ҳудудий филиалига мурожаат қилганимизда, байрам кунларида вилоят аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун имконият мавжудлиги билдирилди.
[gallery-21099]
Корхона матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозир вилоят, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган. 35/110 киловатли подстанция ва трансформатор пунктлари навбатдан ташқари кўрикдан ўтказилиб, мой сатҳи меъёрга келтирилган. 542 нафар ишчи ва 42 та махсус техникадан иборат 84 та авария бригадалари шакллантирилган. Агар тармоқда бирор бир авария ёки кутилмаган ҳолат кузатилса, улар тезкор равишда аварияни бартараф этиш имкониятига эга. Бунинг учун 74 дона ҳар хил қувватдаги трансформатор, 15 километр кабел ва сим, 1740 дона темир- бетон устун, 110 дона муфта, 59,7 тонна трансформатор мойи захираси яратилган.
Бундан ташқари, аҳолининг мурожаатларини қабул қилиш мақсадида ҳар бир электр таъминоти корхонаси байрам кунларида доимий алоқада бўлиш имкониятини берадиган телефон рақамлари ва ижтимоий тармоқлардаги манзилларини эълон қилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари