Рамазон – хайр-саховат, меҳр-мурувват ойида нуронийлар ва ёши улуғ инсонлар ҳолидан хабар олиш савобли амаллардан саналади. Айниқса, таълим соҳасида кўп йиллар меҳнат қилган фахрий устозларни йўқлаш, уларнинг насиҳатларини тинглаш ёш авлод тарбиясида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Фарғона вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси томонидан вилоятдаги профессионал таълим муассасаларида самарали меҳнат қилиб, бугун кексалик гаштини сураётган бир қатор фахрийлар йўқланди. Бошқарма бошлиғи Тўйчибой Бойматов уларни Рамазон ҳайити билан табриклаб, ёш авлод тарбиясидаги хизмати муҳимлигини қайд этди.

Бувайда туман 1-сон касб-ҳунар мактабида узоқ йиллар фаолият олиб борган Зулфизар Турсунбоева яшаш хонадонига ташриф буюрган меҳмонларни кўриб, боши осмонга етди. Ўтган йиллар мобайнида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўқитувчилар ва талаба-ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитларга ҳаваси келишини таъкидлаб, раҳбарларни алқади, юртимиз тинчлиги бардавом бўлишини тилаб дуолар қилди.
Қўқон нефть техникумида 20 йил бош уста вазифасида ишлаб нафақага чиққан Юлдузхон Дадажонова ҳам бугунги йўқловдан бағоят хурсанд бўлди. Айниқса, бошқарма бошлиғининг ўзи қўлида гулдаста билан ҳузурига кириб келгани унга бир олам қувонч бағишлади.

– Данғара саноат коллежида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаганман. Юртимиз кун сайин чирой очиб бораётгани, ёшларимиздаги интилишни кўриб, фахрланиб кетаман. Бугун тизим раҳбарининг хонадонимизга ташрифидан куч олдим, ёшариб кетдим. Зеро, бир оғиз ширин сўз, озгина эътибор инсон учун нақадар қадрли, – дейди 75 ёшли Абдураҳмон ота Ҳамиджонов. – Шундай қутлуғ кунларда биз каби фахрийлар ҳолидан хабар олишдек савобли ишга қўл уришгани нур устига аъло нур бўлди. Илоҳим, юртимиз тинч, Юртбошимиз омон бўлсин, халқимизнинг яхши кунлари кўп бўлсин.
Шу куни яна бир қатор фахрий устозлар ҳузурига бориб, уларнинг дуолари олинди. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, “кўнгиллар обод айланди”.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири