Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишланган тантаналар давом этмоқда.
Ушбу байрамни Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шон-шуҳратига мос ҳолда муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш мақсадида 2023 йил 27 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгашининг “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғояси остида ташкил этиладиган чора-тадбирлар режасига асосан жойларда ўтказилаётган тадбирларда касаба уюшма фаоллари алоҳида ташаббус кўрсатмоқда.
Бугунги кунда касаба уюшмаси вилоят Кенгаши тасарруфида 1374 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти бўлиб, 178 минг 188 нафар аъзони ўз сафига бирлаштирган.
Жорий йилнинг 7 ойи давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш мақсадида 1200 тадан ортиқ санаторий йўлланмалари ажратилди. Бундан ташқари, 15 мингдан ортиқ болалар оромгоҳларга жалб этилди.
2023 йилнинг ўтган даврида 400 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, фуқаролик ишлари бўйича суд органларига 100 дан ортиқ ходимларни ишга тиклаш, пулларини ундириб бериш, ходимлар ҳимоясига қаратилган 23 та даъво аризаси киритилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доираси ўн мингдан ортиқ ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари Тошкент, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ҳамда Самарқанд шаҳарларига бепул саёҳат қилишган бўлса, 4 мингдан ортиқ ходимларнинг тарихий музейларга ташрифлари уюштирилди. Умумхалқ байрамлари муносабати билан эса 6 мингдан ортиқ ходимлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Ўз вазифаларимиздан ташқари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кўплаб ишларни амалга оширмоқдамиз, – дейди Федерациянинг вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Хусусан, “Аёллар дафтари” тизими орқали 4 босқичда 100 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг оилавий шароити ўрганилиб, 60 мингдан ортиғига турли кўринишдаги амалий ёрдамлар кўрсатилди. Турли байрамлар арафасида ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилиб, айни пайтда нафақа гаштини сураётган нуроний отахон ва онахонларимиз, якка ёлғиз қарияларимиз ҳолидан мунтазам равишда хабар олинмоқда.
Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва сарҳадларимизни муносиб ҳимоя қилиш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш чоғида фидоийлик ва жасорат кўрсатган, шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган 10 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига касаба уюшмалари маблағидан моддий ёрдам кўрсатилди, ногиронлиги мавжуд бўлган 4 нафар Ватан ҳимоячиларига тиббий жиҳозлар, 2 нафар хотин-қизларга санаторийга бепул йўлланма топширилди.
Касаба уюшмалари ташаббуси билан вилоятимиздаги барча ташкилотларда мустақиллигимизни мадҳ этувчи тадбирлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА