Навоий шаҳридаги “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 136 нафар ўқувчи таълим олади. Мазкур даргоҳ Навоий вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар ва туман ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига бириктирилган бўлиб, улар мунтазам равишда ўқувчилар ҳолидан хабар олиб туради.
Янги йил байрами арафасида Навоий шаҳридаги “Истиқлол” тантаналар уйида “Нурли маскан” мактаб-интернати ўқувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам дастурхони атрофида болажонлар қорбобо ва қорқиз билан куй-қўшиқларга рақсга тушиб, шеърлар айтди.
Вилоят ИИБ томонидан мактаб-интернатга телевизор, спорт билан шуғулланишга мўлжалланган велотренажёр, югуриш йўлакчаси, фитнес ва волейбол коптоклари, болажонларга эса “Президент совғаси” топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Совғалар карвони” хайрия акцияси совғалари, жумладан, брайль ўқув қуроллари жамланмаси болажонлар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда болажонлар учун концерт дастури намойиш этилди.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов, вилоят ҳокими Нормат Турсунов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Азат Тасбаев иштирок этиб, болажонларни байрам билан табриклади.
А.Бўриев, ЎзА