Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрам шодликлари сен учун, болажон!
11:38 / 2025-12-29

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида ҳам болажонлар учун қувонч ва эзгуликка тўла – “Президент арчаси” театрлаштирилган байрам томошалари бўлиб ўтмоқда. Янги йил арафасида ўтказилаётган бу тадбирлар болажонлар қалбига илиқлик улашиш, уларнинг юзида табассум, кўнглида қувонч уйғотмоқда.

Хусусан, Олмалиқ шаҳридаги Металлург маданият саройида бўлиб ўтган байрам тадбири ана шундай кўтаринки кайфиятда ўтди. Унда 18 ёшгача бўлган ота-она қарамоғисиз қолган болалар, оилавий болалар уйлари ва “Мурувват” уйи тарбияланувчилари, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирок этди. Улар учун тайёрланган ранг-баранг саҳна чиқишлар, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар ва куй-қўшиқлар байрамга шукуҳ бағишлади. 

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев болажонларни Янги йил байрами билан самимий табриклаб, уларга эзгу тилакларини билдирди. Байрам доирасида тадбир иштирокчилари бўлган болажонларга “Президент совғаси” тантанали равишда топширилди. 

Шунингдек, бир гуруҳ болажонларга Президент табриги солинган махсус конверт ҳамда келажак учун депозит карталари ҳам топширилди. Бу эътибор ва ғамхўрлик болалар учун унутилмас лаҳзаларга айланди. Қайд этиш лозим, жорий йилда Тошкент вилояти бўйича жами 886 дона “Президент совғаси” болажонларга етказилиши режалаштирилган. Байрам совғаларининг таркиби 24 турдаги ўқув қуроллари ҳамда 34 хил ширинликдан иборат бўлиб, улар болаларнинг таълимга бўлган қизиқишини ошириш, янги йил қувончига қувонч қўшишига хизмат қилади. 

А.Мусаев, ЎзА.