Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрам обод маҳаллада нишонланади
11:55 / 2023-08-11

Мамлакатда кечаётган ислоҳотлар натижасини олис қишлоқ ва овулларда яшовчи аҳоли ҳам ҳис қилиши лозим. Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлиши ва доимо давлатнинг эътиборида эканлигини сезиши керак. Айни пайтда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги Оққўрғон ва Сорисув маҳаллаларида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, инфратузилмани яхшилаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.

Дастлаб Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳудудда олиб борилган ўрганиш, хатлов асосида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, 42 банддан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва қисқа вақт ичида 8 банд ижроси таъминланди.  

– Бугунги кунда Оққўрғонда Президент Администрацияси, Самарқанд вилояти ва Пайариқ тумани ҳокимликлари, Халқ қабулхонаси ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат штаб белгиланган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини мувофиқлаштириб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиев. – Шу пайтгача маҳаллалардаги уч километр асосий йўл тўлиқ асфальт қопламаси билан қопланиб, қарийб 1 километри жорий таъмирланди. 3 километрдан ортиқ 12 ички кўчага шағал ётқизилиб, текисланди. Марказий кўчаларда 500 метрдан ортиқ пиёдалар йўлаклари қуриляпти, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда. Ҳудуд аҳолисининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида яроқсиз симёғочлар ўрнида 480 таянч бетон устун ўрнатиш, учта қўшимча трансформатор қўйиш, 70 дона юқори кучланишли ҳаво тармоғи ва 10,2 километр СИП кабел тармоғи тортиш режалаштирилган. Ҳозиргача Оққўрғондаги 52 та эски симёғочлар янги темир-бетон устунларга алмаштирилди. Бешта трансформатор пункти капитал таьмирланди. Сорисувда эса 28 дона симёғоч алмаштирилиб, 7 та трансформаторда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунга мос тарзда ҳаво тармоқлари тортилди. Маҳаллалардаги аҳоли хонадонларига қўшимча 30 дона суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. 84-умумий ўрта таълим мактабида 8 та синфхона полини алмаштириш, спортзални таъмирлаш ишлари белгиланиб, айни пайтда бу ишлар якунига етказилмоқда. Мактабга қарашли стадион ҳудудида сув насоси ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.  

[gallery-13085]

Иккала маҳалла ҳудудидан ўтган 4,2 километр ариқ ва зовурлар тозаланди. 44-давлат мактабгача таълим ташкилотига ва 21-оилавий шифокорлик пунктига 5 киловатли, 84-мактабига 10 киловатли қуёш панеллари ўрнатилди. Аҳолининг талаб ва истаклари асосида Сорисув маҳалласида жойлашган Uzmobile ва Ucell компанияларига қарашли мобил уяли алоқа устунлари ва алоқа тизими таъмирланиб, алоқа сифати яхшиланди. Интернет таъминоти учун Оққўрғон маҳалласининг Лангар, Лангар-1, Баландқўрғон, Пўлатчи, Ёнариқ, Сарайқўрғон, Қиёт ва Қўрғонча кўчаларига 4 километр кабел тортилди. Бу борадаги ишлар Сорисув маҳалласида давом этмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида 5 август куни ҳудудда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 123 корхона, ташкилот, муассаса ва фермер хўжаликлари томонидан 1200 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди. Ярмаркада қатнашган 260 га яқин фуқаронинг 34 нафари ўзига муносиб ишга жойлашди. 23 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқиш учун йўлланма олди. Шунингдек, 2 нафар фуқаронинг ҳар бирига 33 миллион сўмдан имтиёзли кредит олиши учун тавсиянома берилди.  

Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортнинг оммавийлигини ошириш ва аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам “Йўл харитаси”да белгиланган. Шундан келиб чиқиб, шу пайтгача 1100 нафарга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва унинг натижасига кўра 424 нафар беморга амбулатор шароитда даволанишга тавсия берилди, 25 нафар бемор туман ва вилоят тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўлланма олди.  

– Саломатлик ўзимизга керак бўлса ҳам вақт топиб, туман маркази ёки вилоятга бориб тиббий кўрикдан ўтишга ҳафсала қилмаймиз, – дейди Оққўрғон маҳалласида яшовчи Хуббимтош Донабоева. – Ҳудудимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида Самарқанддан малакали шифокорлар келиб аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. Бир нечта аппаратларга тушдик. Айримлар шифохоналарга бориб, бепул даволаниб келяпти. Давлатнинг ўз фуқароларига эътибори, ғамхўрлиги бундан ортиқ бўлмаса керак. Ҳаммамиз маҳалламиздаги ўзгаришлардан, ободликдан хурсандмиз.  

Ҳудудни обод қилишда аҳоли хонадонлари ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳар бир турар жой ва унинг атрофидаги ҳолат ўрганилган ҳолда ҳомийлар кўмагида таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган. Ҳозирда аксарият уй-жойларни жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг уйларини реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ишлари давом этмоқда.  

– Шу пайтгача маҳалланинг идораси йўқ эди – дейди Оққўрғон маҳалласи раиси Фурқат Холмуродов. – “Обод маҳалла”, “Обод хонадон”, “Обод кўча” мезони асосида ҳудудда амалий ишлар бошлангач, маҳалла маркази учун жой танланиб, қурилиш ишлари бошланди. Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғини учун шароит яратилиши билан бирга, хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикув цехи ташкил этилиши кўзда тутилган. Маҳалламизда 19 оила “Темир дафтар”га, 67 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га, 7 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари” га киритилган. Уларга ёрдам кўрсатилиб, ишлатиб даромад топиши мумкин бўлган асбоб-ускуналар берилди. Ногиронлиги бўлган 4 нафар фуқарога аравача ва 3 нафарига реабилитация воситалари етказилди.  

Мутасаддиларнинг айтишича, Оққўрғон ва Сорисувдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини Мустақиллик байрамига қадар якунлаш кўзда тутилган. Демак, ҳудуд аҳолиси Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрамини янгича кўринишга келган маҳаллада, хонадонда нишонлайди.  

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА