Ҳуқуқий муносабат
Амалдаги Меҳнат кодексининг 132-моддасида байрам (ишланмайдиган) кунларда ишлашга жалб этишнинг чекланиши назарда тутилади. “Байрам (ишланмайдиган) кунларда ишга жалб этишнинг ЧЕКЛАНИШИ” (тақиқланиши эмас!). Бундан чиқди, байрам кунлари ҳам ходимлар ишга жалб қилиниши мумкинми? Бунда барча ходимлар инобатга олинадими? Қандай ходимларнинг байрам кунлари ишга жалб қилиниши тақиқланади?
Шу каби саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Мухриддин Шамсиддинов жавоб берди.
– Йўқ, амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, барча ходимлар ҳам байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин эмас. Меҳнат кодексининг 246-моддасига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишлар, иш вақтидан ташқари ишлар ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади.
Байрам кунлари ходимларни ишга жалб этиш жамоа шартномаларида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Умуман олганда, ходимларни ишга жалб этишда ходимнинг розилигини олиш шарт эмас. Бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно.
Жумладан, Меҳнат кодексининг 220-моддаси 5-қисмига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.
Кодекснинг 228-моддасига кўра эса, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.
Демак, ногиронлиги бўлган шахсларни байрам кунлари ишга жалб этиш учун тиббий тавсияномаларда бундай ишларга тақиқ қўйилмаган бўлиши керак бўлса, ҳомиладор, 14 ёшга тўлмаган (ногиронлиги бўлса 16 ёшга тўлмаган) боласи бор аёлларга уларнинг розилиги олиниши талаб этилади. Бошқа ҳолларда эса ходимнинг розилигини олиш мажбурий эмас.
– Байрам кунлари ҳам ишлаган ходим меҳнатига қанча ҳақ тўланади?
– Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, байрам кунларидаги ишлар учун ходимларга камида 2 баробар ҳақ тўлнади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Бу дегани, тўланадиган ҳақ 2 баробардан ҳам ортиқ бўлиши мумкин, фақат ундан кам бўлмаса бўлгани.
– Ҳар доим ҳам байрам кунлари ишлаган ходимларга камида 2 баробар ортиқ ҳақ тўланадими?
– Йўқ, ҳар доим ҳам эмас. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
– Бундай кунларда ходимларни ишга жалб этиш қандай расмийлаштирилади?
– Кодекнинг 130-моддасига риоя этган ҳолда, дам олиш кунларида ёки байрам (ишланмайдиган) кунларда ишга жалб қилиш иш берувчининг фармойиши билан расмийлаштирилади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА