Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрам куни Самарқандда 120 ҳарбий оила уйли бўлди
17:39 / 2020-01-14

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланди.


Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланди.

Байрам арафасида ватанпарварлик ойлиги доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳарбийлар билан учрашув ва мулоқотлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Туман, шаҳар марказлари, хиёбонларда ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар кўргазмалари ташкил этилди.

Ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳарбийлар, хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган Ватан ҳимоячилари оилалари ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғалари улашилди.

photo5253886103260343549.jpg

Асосий байрам тадбирлари 14 январь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилди.

Дастлаб, Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоятдаги бошқа ҳарбий тузилмалар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди. Соҳибқирон ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Шаҳар марказидаги Кўксарой майдонидан Қуролли Кучлар куч тузилмалари тантанали саф билан ўтди. Шунингдек, майдонда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.

Шундан сўнг вилоят ёшлар марказида тантанали маросим ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ўқиб эшиттирди.

Байрам арафасида Президентимиз фармонига кўра ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Ана шундай шарафга муносиб кўрилган самарқандлик соҳа ходимларига ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди.

photo5253886103260343505.jpg

Шунингдек, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг мукофот ва фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбирда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар ва тадбир иштирокчилари кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Тантанали маросим катта концерт дастури билан давом этди.

Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида бунёд этилган 120 хонадон ҳарбий хизматчиларга топширилди.