Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги юрт бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Мамлакатимизда Бош Қомусга ҳурмат, унинг ҳуқуқий аҳамиятини англаш ва фуқаролар ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар барча ҳудудларда юқори савияда ўтмоқда. Гулистон туманида ҳам мазкур сана муносабати билан тантанали байрам дастури ташкил этилди.

Бош тадбир Гулистон тумани Маданият марказида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбир давлат мадҳияси билан бошланди.
Тадбирда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев барчани байрам билан табриклаб, Конституциянинг мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, Бош Қомус фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, юрт барқарорлиги ва тараққиётининг ҳуқуқий асосидир.

– Конституция давлатимиз ривожи ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам пойдевордир. У юртни бирлаштиради, келажакка ишонч бахш этади, — деди туман ҳокими.
Тадбирнинг маънавий-маърифий қисмида туман Маданият маркази ижодкорлари куй-қўшиқлар ижро этишди, саҳна кўринишларини намойиш қилишди.

Бош Қомуснинг 33 йиллиги доирасида Гулистон туманининг қатор ташкилот ва таълим муассасаларида ҳам ҳуқуқий билимларни оширишга қаратилган ўқув соатлари, давра суҳбатлари ва фуқаролар учун очиқ мулоқотлар ўтказилди. Айниқса, ёшлар ўртасида Конституциянинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган ташаббуслар амалга оширилди.

Энг асосийси, Конституция кунига бағишлаб туман бўйлаб ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — халқ иродасининг ифодаси, инсон қадрига эътиборни белгилаб берувчи ва давлат-жамият муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат сифатида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА