ФОТОРЕПОРТАЖ
Қуролли Кучлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий армиямиз салоҳиятини юксалтириш билан бирга, бу тизимда фаолият юритаётган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Наврўз байрами арафасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий шаҳарчада ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида янги тикув цехи ишга туширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда мамлакатимиз мудофаа тизимида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритиб, ҳарбийларга кенг имкониятлар берилаётганини эътироф этди.
[gallery-22269]
Шундан сўнг, ҳарбий оркестр куй садолари остида рамзий лента кесилиб, цех ишга туширилди.
Ушбу цех 10 дона замонавий тикув машинаси билан таъминланган. Бу ерда 10 нафар юрт посбонининг турмуш ўртоқлари ўз фаолиятини бошлади. Бу эса, албатта, тикувчи аёлларни ўз билим ва кўникмаларини ишга солиб, оилавий турмушни яхшилаш ва оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Дарҳақиқат, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш тикувчиларни энг асосий мақсадларидан биридир. Шу боис, ходимларга тажрибали мутахассислар тикиш ва тўқиш сирларини ўргатиб боради.
Цеҳда эндигина ишлашни бошлаган опа-сингилларимиз учун бу фақатгина иш жойи эмас, балки уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва ўзларининг касбий маҳоратини ошириш имконияти ҳамдир. Бу каби ташаббуслар ҳарбий шаҳарча аҳолиси фаровонлигини ошириш ва уларнинг ижтимоий ҳаётига янги ўзгаришлар киритишга қаратилган. Бу эса, албатта, ҳарбий хизматчиларнинг кейинги фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА