ФОТОРЕПОРТАЖ
Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрган айни дамда Фарғона шаҳрида аҳоли учун қулай шароитларни ўзида мужассам этган ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Ёрмозор маҳалласида қиймати 7,1 миллиард сўм инвестиция дастури доирасида 8-оилавий поликлиника қуриб битказилди. Унинг очилиш маросимида Фарғона шаҳар сектор раҳбарлари, тиббиёт ходимлари ва маҳалла аҳли иштирок этиб, яратилган шароитлар билан танишди.
Уч қаватли бинода барча турдаги мутахассислик бўйича 23 мингдан зиёд аҳоли учун тиббиёт хизматлари кўрсатилади. Замонавий ЭКГ, УТТ аппаратлари билан беморларга аниқ ташхис қўйиш имконияти янада кенгайди. 250 қатновга эга поликлиникада 100 дан зиёд иш ўрни яратилди.
[gallery-16522]
Шунингдек, Фарғона шаҳар “Тўқимачилар” маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Давлат хусусий-шерикчилик асосида қад ростлаган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида ихчам хоналар маҳалла маъмуриятига берилди. Бу ерда маҳалла еттилиги учун барча зарур шароитлар яратилди.
Шу куни Тўқимачилар маҳалласи фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фидойи инсонларга ташаккурномалар топширилди. Тадбир куй-қўшиқлар билан давом этди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА