French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрам арафасида марафон ўтказилди
11:19 / 2025-09-30

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида “Yangi Nafas” умумхалқ югуриш ҳаракати доирасида оммавий марафон ташкил этилди.

Эрта тонгда бошланган мазкур спорт байрамида 3 мингга яқин ҳаваскор югуриш ихлосмандлари иштирок этди. 

“Талаба-югур!”, “Ўқувчи-югур!” ҳамда “Eco-Save Aral – 2025” деб номланган босқичларда ўтказилган марафон Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Спорт, Олий таълим, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамда бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди. Иштирокчилар туманнинг “Шодлик” кўчаси бўйлаб 3 километр масофани босиб ўтди. 

– Югуриш ҳаракати доирасидаги ушбу марафон нафақат спорт байрами, балки соғлом келажак сари ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди, – дейди оммавий югуриш мусобақаси бош ҳаками Алишер Толипов. – Айниқса, бу тадбирнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида ташкил этилгани ўқитувчи ва мураббийлар учун қувончли бўлди. 

Марафон доирасидаги “Ўқувчи-югур!” босқичида ўғил болалар ўртасида Ғаллаорол туманидаги 24-мактаб ўқувчиси Бунёд Назаров, қизлар ўртасида эса худди шу мактаб ўқувчиси Фарангиз Абдужалиловалар ғолибликни қўлга киритишди.

“Талаба-югур!” йўналишида Жиззах давлат педагогика университетининг талаба йигитлари ўртасида Шаҳобиддин Абдуқаюмов, қизлар баҳсида эса шу университет талабаси Фарангиз Абубакировалар биринчи ўринни эгаллашди.

“Eco-Save Aral – 2025” босқичида эса эркаклар ўртасида Миллий гвардия хизматчиси Исмоил Тошпўлатов ҳамда хотин-қизлар орасида Гулистон шаҳридан келган меҳмон спортчи Кристина Бандалетовалар ғолиб деб топилди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари диплом, олтин, кумуш, бронза медаллари, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Шунингдек, турли номинациялар бўйича фаол иштирок этган, тадбирни самарали ташкил этган жамоаларга фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА