«Маҳалла» хайрия жамоат фонди жорий йилда бўлиб ўтадиган – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 15 мингга яқин эҳтиёжманд оилалар ва якка-ёлғиз қарияларга хайрия ёрдамларини кўрсатади. Шунингдек, 7000 мингга яқин маҳаллада «Икки авлод учрашувлари» ташкил этилади.
– Ғалаба боғида ташкил этилган бугунги тадбир ёшларнинг II Жаҳон уруши ҳақидаги фикрларини янада теранлаштирди, – дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳри бўлими бошқаруви раиси А.Далабаев. – Улар ота-боболаримизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшганини янада чуқурроқ ҳис қилишди. Ўйлайманки, бу каби тадбирлар ёшларда миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳини жўш уришига хизмат қилади.

Таъкидлаш керак, «Маҳалла» фонди томонидан давлатимиз раҳбарининг «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида уруш қатнашчилари, ёлғиз кексалар ва ногиронларга ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида соғлиғини йўқотган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси, ҳасса ва бошқа ортопедия маҳсулотлари олиб берилади. Шунингдек, қабристон, зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларни ободонлаштирилади.
«Маҳалла» фонди
матбуот хизмати